2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон аҳолисининг жами даромадларида трансфертлар улуши 25,7 фоизни ташкил этди. Бу тоифага пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва хориждан юборилган пул ўтказмалари киради.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, трансфертларнинг 30,7 фоизи ижтимоий тўловлар, 69,3 фоизи эса бошқа тушумлар ҳиссасига тўғри келган. Бунда хориждан келиб тушган пул ўтказмалари аҳоли жами даромадларининг 17,8 фоизини ташкил этган.
Ижтимоий тўловлар таркибида пенсиялар устунлик қилган — 84,6 фоиз. Нафақалар улуши 13,5 фоизни, стипендиялар эса 1,9 фоизни ташкил этган.
Аҳоли даромадларининг асосий манбаи меҳнат фаолияти бўлиб қолмоқда. Жами даромадларнинг 62,4 фоизи иш ҳақи ва мустақил меҳнат фаолияти ҳисобига шаклланган. Яна 8,3 фоизи ўз истеъмоли учун товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришдан, 3,6 фоизи эса мулкдан олинган даромадлардан иборат бўлган.
Тўққиз ой давомида аҳолининг жами даромадлари 1 026,7 трлн сўмга етди. Инфляция ҳисобга олинганда, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,1 фоизга ошган.
Бир нафар аҳолига ўртача 26,1 млн сўм даромад тўғри келган. Номинал ҳисобда аҳоли жон бошига даромадлар 13,2 фоизга, реал ҳисобда эса 6,2 фоизга ўсган.
Миллий статистика қўмитаси изоҳлашича, жами даромадлар таркибига уй хўжаликлари ёки уларнинг алоҳида аъзолари мунтазам равишда оладиган пул тушумлари ва натурал шаклдаги даромадлар киради.
В. Новиков


