Тошкентда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кўп қаватли уй подъездида мушукка нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган эркакнинг шахсини аниқлади. Унинг айтишича, Instagram учун видео олмоқчи бўлган, бироқ мушук унга ҳириллаган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда видеотасвир тарқалганидан сўнг маълум бўлди.
Кадрларда эркакнинг мушукни қувиб, ушлаб олиши ва камера кўриш майдонидан ташқарига олиб кетиши акс этган. Кадр ортидан ҳайвоннинг чийиллаган овози эшитилади. Кейинроқ мушук қочишга муваффақ бўлади, бироқ оёғи сингани сабабли мустақил юра олмайди.
Шундан сўнг эркак яна ҳайвонни ушлаб, қаватлар оралиғидаги майдончага олиб чиқади ва бўға бошлайди. Бироз вақт ўтгач, мушук ҳаракатсиз қолади, эркак эса ҳодиса жойини тарк этади. Кейинроқ ҳайвон ўзига келади.
Мушук омон қолган, бироқ оёғи синган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса 28 октябрь куни соат 23:30 атрофида содир бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда.


