Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Японияда ўтказилган V ёзги Параосиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этган миллий терма жамоани табриклади. Ўзбекистонлик спортчилар 145 та медални қўлга киритиб, қитъанинг энг кучли учта жамоаси қаторига кирди.
Давлат раҳбари 25 октябрь куни мусобақа иштирокчилари, спортчилар, мураббийлар, устозлар ва уларнинг ота-оналарига табрик йўллади.
Президент ўз мурожаатида мусобақада Осиёнинг 45 та давлатидан 2,6 мингдан ортиқ кучли параспортчи иштирок этганини таъкидлади. Ўзбекистон терма жамоаси 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медалини қўлга киритди.
Мирзиёевнинг қайд этишича, ўзбекистонлик спортчилар Ҳиндистон, Жанубий Корея, Эрон, Таиланд ва Индонезия терма жамоаларидан ўзиб кетиб, фақат Хитой ва Япониядан кейинги ўринларни эгаллади.
Президент аёл спортчиларнинг ютуқларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон делегацияси қўлга киритган олтин медалларнинг ярми аёллар ҳиссасига тўғри келди.
Мусобақалар давомида Ўзбекистон вакиллари турли спорт йўналишларида юқори натижаларни қайд этди.
- Руза Қузиева пауэрлифтинг бўйича олтин медални қўлга киритиб, жаҳон рекордини ўрнатди.
- Мадина Мухторова ва Каромат Омонова ядро улоқтириш бўйича Осиё рекордларини янгилади.
- Шаҳина Йигиталиева найза улоқтиришда Осиё рекордини янгилади.
- Наврўза Аҳмадова диск улоқтириш бўйича Осиё рекордини ўрнатди.
- Хуршид Қодиров 100 метрга югуришда рекорд натижа кўрсатди.
- Егор Болотов 100 метрга орқа усулда сузиш ва 200 метрга комплекс сузишда Осиё рекордларини ўрнатди.
- 16 ёшли Лолахон Қодирова 50 метрга эркин усулда сузиш бўйича Осиё рекордини янгилади.
Бундан ташқари, паравелоспорт, пауэрлифтинг ва параенгил атлетика йўналишларида иштирок этган 16 нафар ўзбекистонлик спортчи Параосиё ўйинлари рекордларини янгилади.
Параосиё ўйинларида илк бор иштирок этган Егор Болотов парасузиш мусобақаларида тўртта олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди.
Хуршид Қодиров уч карра чемпион бўлди. Мадина Мухторова, Наврўза Аҳмадова ва Мубинабону Халилова эса иккитадан олтин медалга сазовор бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси байроқдори, мамлакат тарихида паравелоспорт бўйича биринчи жаҳон чемпиони Маржона Пардабоева ўзининг етакчилигини яна бир бор намоён этиб, икки карра Осиё чемпионига айланди.
Президент 15 ёшли Бобурбек Тоштемировнинг натижасини ҳам алоҳида қайд этди. У Параосиё ўйинларида трек паравелоспорти бўйича Ўзбекистонга илк олтин медални келтириб, мусобақанинг энг ёш чемпиони бўлди.
Давлат раҳбари спортчиларнинг юқори натижаларга эришишида уларни қўллаб-қувватлаётган ота-оналар, мураббийлар ва устозларга миннатдорлик билдирди.
Президентнинг таъкидлашича, терма жамоанинг муваффақияти Янги Ўзбекистон паралимпия ҳаракати янги босқичга кўтарилгани ва чемпионларнинг янги авлоди шаклланаётганидан далолат беради.
Шунингдек, мусобақаларда эришилган натижалар ва тўпланган тажриба 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
«Келгуси ҳаётингиз янада ёрқин ғалабаларга бой бўлсин!» — дея президент спортчиларга тилак билдирди.


