Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш аҳоли ўртасидаги тенгсизлик даражасининг пасайиши билан бирга кечмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири Ботир Зоҳидов Ижтимоий адолат учун глобал коалиция форумида Жаҳон банки маълумотларига таяниб маълум қилди.
Вазир ислоҳотлар натижалари ҳақида гапирар экан, мамлакатда камбағаллик даражаси 3,9 фоизга, ишсизлик даражаси эса 4,5 фоизга тушганини билдирди. 2025 йилда 5,4 миллион киши даромадли меҳнат билан қамраб олинган.
Зоҳидовнинг таъкидлашича, давлатнинг вазифаси нафақат аҳолини камбағалликдан чиқариш, балки уларнинг яна камбағаллик чегараси ортига тушиб қолишига йўл қўймайдиган барқарор шароитларни яратишдан ҳам иборат.
Шу мақсадда Ўзбекистонда бандлик сиёсати, касбий кўникмаларни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимояни бирлаштирган комплекс ёндашув шакллантирилмоқда.
Вазир электрон тижорат соҳасида кўникмаларни ривожлантиришни мисол сифатида келтирди. 2025 йилда 40 минг нафар ёш ушбу йўналишда таълим олган. Касбий таълим тизими эса тобора меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларига мослаштирилмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий хизматларни манзилли тақдим этиш кенгайтирилиб, ижтимоий, иқтисодий ва иқлимий хатарларга мослаша оладиган янада мослашувчан ижтимоий ҳимоя тизими шакллантирилмоқда. Бу йўналишда Ўзбекистон Жаҳон банки билан ҳамкорлик қилмоқда.
Форумда яшил ва рақамли трансформация масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вазирнинг қайд этишича, технологик трансформация нафақат янги технологияларни жорий этиш, балки янги иш ўринлари ва касбларнинг пайдо бўлиши, шунингдек, ходимларнинг малакасига қўйиладиган талабларнинг ўзгаришини ҳам англатади. Шу боис меҳнат бозоридаги келгуси ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зоҳидов ислоҳотларни амалга оширишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини ҳам таъкидлади. Ўзбекистон адолатли ўтиш жараёнлари учун бандлик ва ижтимоий ҳимоя бўйича Глобал акселератор доирасида илғор мамлакат сифатида иштирок этмоқда. Ташаббус доирасидаги миллий йўл харитаси норасмий бандликни қисқартириш, инклюзив ижтимоий ҳимояни ривожлантириш ҳамда адолатли яшил ва рақамли ўтиш жараёнларини таъминлашни назарда тутади.
2026 йил июнь ойида Ўзбекистон Камбоджа билан ҳамкорликда Глобал акселератор бўйича юқори даражадаги вазирлар учрашувини ўтказди. Бундан ташқари, мамлакат Ижтимоий адолат учун глобал коалиция, Alliance 8.7 ва Жаҳон банкининг Jobs for the Poor ташаббуси ишларида иштирок этмоқда.
Вазирнинг сўзларига кўра, халқаро ҳамкорлик глобал мажбуриятларни миллий даражадаги аниқ натижаларга айлантиришга ёрдам бермоқда.
В. Новиков


