Бишкек шаҳрига амалий ташриф дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошган.
Саноат, энергетика, металлургия, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда.
Ўзаро товар айирбошлашда шаклланган ижобий динамикани сақлаб қолиш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда минтақалараро алоқаларни фаол давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алмашинувни янада фаоллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар жадвалини ҳам муҳокама қилди.


