Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан “Саноат корхоналарида унумдорликни ошириш” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди. Унда республикадаги 14 та етакчи “ақл марказлари” мутахассислари иштирок этди.
Семинарда UNIDO томонидан ишлаб чиқилган Ресурс самарадорлиги ва тоза ишлаб чиқариш (RECP) ёндашуви асосида корхоналар фаолиятини жойига чиққан ҳолда баҳолаш, ишлаб чиқариш жараёнлари харитасини тузиш, ресурс йўқотишлари ва самарасиз жараёнларни аниқлаш усуллари кўриб чиқилди. Шунингдек, Lean Management, Six Sigma ва 5S услубиятлари асосида ортиқча йўқотишлар ва нуқсонларни камайтириш бўйича амалий ёндашувлар тақдим этилди.
Корхоналарнинг халқаро бозорларга чиқиши ва янги глобал талабларга мослашувида экологик бошқарувни такомиллаштириш, ISO 14001 ва ISO 14064 стандартларини жорий этиш, шунингдек, CE marking каби мувофиқлик талабларини бажаришнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар якунида иштирокчиларга илмий тадқиқот ташкилотлари бириктирилган саноат тармоқлари ва ҳудудлардаги корхоналарни ўрганишда мазкур услубиятлардан фойдаланиш ҳамда таҳлил натижалари асосида манзилли амалий таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Келгусида илмий-тадқиқот ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, услубий материаллар ва тўпланган амалий тажрибаларни ўзаро алмашиб боришга келишиб олинди.


