2026 йил январь–июль ойларида Ўзбекистонга 7,74 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,6 фоизга кўп, деб хабар берди Туризм қўмитаси.
Туристлар оқимининг ўсиши мамлакатда туристик инфратузилманинг кенгайиши билан бирга кечмоқда. Йилнинг дастлабки етти ойида Ўзбекистонда 705 та янги жойлаштириш воситаси ташкил этилди. Уларнинг умумий сиғими 22 296 ўринни ташкил қилди.
Шу билан жойлаштириш воситаларининг умумий сони 7 440 тага етди. Уларнинг бир вақтда қабул қилиш қуввати 202,6 минг ўринни ташкил этмоқда.
Туризм соҳасининг иқтисодий самарадорлиги ҳам ортиб бормоқда. 2026 йилнинг январь–июль ойларида туристик хизматлар экспорти 3 миллиард 895,7 миллион долларга етди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 56 фоизлик ўсишни кўрсатди.
Ўзбекистонда туристик оқим сўнгги йилларда изчил ўсиб бормоқда. 2023 йилда мамлакатга 6,6 миллион нафар хорижий сайёҳ келган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 10 миллион нафардан ошди. 2025 йил якунида эса хорижий туристлар сони 11,7 миллион нафарга етди.
Ҳукумат меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайиши ва хорижий сайёҳлар талаби ортиши ҳисобига соҳада ўсиш давом этишини кутмоқда.


