Тошкент жадал ривожланмоқда, бироқ шаҳарда ҳали ҳам яшил ҳудудлар етишмаяпти. Янги боғлар барпо этиш ва кенг кўламли кўкаламзорлаштириш шаҳар муҳити сифатини оширишнинг асосий вазифаларидан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда Саида Мирзиёева шаҳардаги бир қатор объектларга ташриф буюриб, жамоат жойларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Кўриб чиқилган лойиҳалар орасида Афросиёб кўчасидаги боғ, Сайилгоҳ кўчаси ва Амир Темур шоҳкўчаси туташ ҳудудлари билан бирга янгиланиши, шунингдек, Бобур номидаги Экопарк ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги боғни кенгайтириш лойиҳалари бор.
Асосий мақсад — Тошкентга яшил шаҳар мақомини қайтариш, аҳоли ҳордиқ чиқариши учун кўпроқ қулай ҳудудлар яратиш, қулай ва ҳамма учун очиқ муҳитни ривожлантириш, хавфсизликни ошириш ва шаҳар инфратузилмасидан самарали фойдаланишдир.
Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, пойтахт аҳолиси учун юқори турмуш даражасини таъминлаш мақсадида бу ишларни ҳозирданоқ давом эттириш зарур.


