Ўзбекистонда нефть-газ ва коммунал хўжалик соҳаларида қўлланиладиган ўлчаш тизимларини такомиллаштириш мақсадида халқаро талабларга мувофиқ ишлаб чиқилган учта янги миллий стандарт тасдиқланди.
Янги ҳужжатлар ўлчашлар бирлигини таъминлаш давлат тизимини янада такомиллаштириш, ҳисобга олиш воситаларининг аниқлиги ва ишончлилигини оширишга қаратилган.
Тасдиқланган стандартлардан бири O‘zMSt 935:2026 бўлиб, у ёқилғи-энергетика соҳасида ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Шунингдек, O‘zMSt 936:2026 стандарти ўзгарувчан босимлар фарқи усулида ишловчи ўлчаш тизимларини қиёслаш услубиятини тартибга солади.
Яна бир ҳужжат O‘zMSt 942:2026 эса босим калибраторлари ва уларнинг модулларини қиёслаш услубиятига бағишланган.
Мутахассислар таъкидлашича, янги миллий стандартларнинг жорий этилиши нефть-газ ва коммунал хўжалик соҳаларида ўлчашларнинг аниқлиги, ишончлилиги ва халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади.


