Тошкент – Самарқанд янги тезюрар автомагистрали қурилиши нафақат мамлакатдаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири, балки Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг муҳим омилларидан бирига айланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев йўл қурилишига старт бериш маросимида маълум қилди.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, бундай инфратузилма лойиҳаларига киритилган ҳар бир доллар иқтисодиётга беш долларгача самара келтириши мумкин.
Янги автомагистрал фойдаланишга топширилгач, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг ялпи ҳудудий маҳсулоти тахминан 3 фоизга ошиши кутилмоқда. Йўл ўтадиган 13 та туманда ҳам иқтисодий фаоллик сезиларли даражада кучаяди. Ушбу ҳудудларда 2 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Лойиҳа доирасида минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли учун қўшимча даромад манбалари шакллантирилади.
Автомагистрал бўйлаб замонавий логистика марказлари, омбор мажмуалари, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, меҳмонхона ҳамда туризм инфратузилмаси барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширишда маҳаллий қурилиш материаллари ва хизматларидан кенг фойдаланиш маҳаллий корхоналар учун қўшимча буюртмалар яратиб, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Президент мамлакатда бошқа йирик йўл лойиҳалари ҳам изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. Хусусан, Хива – Урганч автомагистрали қурилиши бошланган, Тошкент – Андижон автомобиль йўли лойиҳаси бўйича халқаро тендер якуний босқичга етган. Шунингдек, пойтахтни Бўстонлиқ билан боғлайдиган янги автомобиль йўлининг лойиҳалаш ишлари ҳам якунланмоқда.
«Бугун, Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдеворга асос солмоқдамиз», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Маросим якунида давлат раҳбари рамзий капсулани жойлаштириб, янги автомагистрал қурилишига расман старт берди.


