Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Манфред Хутерер билан хайрлашув учрашувини ўтказди.
Учрашув давомида ташқи ишлар вазири дипломатнинг Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Қайд этилишича, элчи фаолияти даврида икки давлат ўртасида юқори даражадаги қатор учрашувлар ўтказилди, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланди ва икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилди.
Бахтиёр Саидов Манфред Хутерерга самарали фаолияти учун миннатдорлик билдириб, унга келгуси касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Манфред Хутерер 2024 йил июль ойидан буён Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимида фаолият юритиб келган.


