Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева хотин-қизлар масалалари бўйича Бош вазир ўринбосари этиб тайинланган Дилноза Каттахановани таништириш маросимида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, янги вице-премьернинг тайинланиши хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва долзарб ижтимоий масалаларни ҳал этиш ишларига янги суръат бағишлаши кутилмоқда.
«19 миллиондан ортиқ хотин-қизларимиз — бу катта куч ва айни пайтда улкан масъулиятдир. Давлат аёлларнинг эҳтиёж ва муаммоларини қанчалик чуқур англаса, ҳар бир оиланинг фаровонлиги шунчалик барқарор бўлади. Шунинг учун бандликни таъминлаш, хориждаги ватандош аёлларни қўллаб-қувватлаш ва зўравонликнинг олдини олиш каби масалалар вақтинчалик эмас, балки пухта ишлаб чиқилган тизимли ёндашувни талаб қилади», — деди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, у доимий даромад манбаига эга бўлмаган хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун уларнинг оилавий аҳволи, касбий кўникмалари ва малакасини ўрганиб, манзилли қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ҳамда иш билан таъминлашга кўмаклашиш таклиф этилди.
Саида Мирзиёева иқтисодий жиҳатдан мустақил хотин-қизлар оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашини, шунингдек, мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун муҳим омил эканини қайд этди.


