Рақобат қўмитаси оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоқларида жойлаштирилган реклама материалларининг «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқлигини ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.
Қўмита маълумотига кўра, туроператорлар томонидан «Умра» зиёратини ташкил этиш ва ўтказишга оид реклама материаллари таҳлил қилинган. Ўрганишлар натижасида бир қатор туризм компаниялари томонидан қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган.
Хусусан, Қўмитанинг Фарғона, Наманган, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудий бошқармалари томонидан «Hamroh Tour», «Kabadoshlarim», «Yuksak Travel», «Murabbiy Travel», «Hikmat Travel» ва «Infin Tour» компанияларининг Instagram ва Telegram саҳифаларида жойлаштирилган реклама материаллари юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолатлар бўйича масъул мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Рақобат қўмитаси билдиришича, ўрганишлар якунига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча чоралар ҳам кўрилади. Шу билан бирга, реклама ахборотларининг амалдаги қонун талабларига мувофиқлигини назорат қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

