АҚШнинг нуфузли нашрларидан бири, The New York Times саҳифаларида Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги сўнгги ютуқларига бағишланган мақола эълон қилинди. Журналист Габе Кастро-Рут мамлакат бўйлаб қилган саёҳати асосида Ўзбекистоннинг халқаро сайёҳлар учун тобора жозибадор манзилга айланиб бораётганини таъкидлаган.
Мақолада қайд этилишича, бой тарихий ва маданий мерос, саёҳат учун нисбатан ҳамёнбоп шароитлар, хавфсиз муҳит ҳамда миллий анъаналарнинг сақланиб қолгани Ўзбекистонни айниқса ёш саёҳатчилар учун қизиқарли йўналишга айлантирмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар ва виза тартибининг либераллаштирилиши туризм соҳасининг жадал ривожланишига хизмат қилган. Натижада хорижий меҳмонлар сони 2019 йилдаги 6,7 миллион нафардан 2025 йил якунида 11,7 миллион нафарга етган. Шу билан бирга, АҚШдан келаётган сайёҳлар оқими ҳам сўнгги йилларда икки баробардан кўпроқ ошгани қайд этилган.
Мақолада мамлакатнинг энг машҳур туристик масканларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Тошкент метрополитени ва Чорсу бозори пойтахтнинг ўзига хос тимсоллари сифатида тилга олинган. Шунингдек, Регистон майдони, Лаби Ҳовуз мажмуаси ҳамда Ичан-қалъа каби тарихий обидалар Ўзбекистоннинг маданий меросини намоён этувчи ноёб масканлар сифатида эътироф этилган.
Муаллифнинг фикрича, мамлакатнинг асосий устунликларидан бири маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ҳисобланади. Ўзбек халқининг самимий муносабати ва меҳмонларга бўлган эҳтироми саёҳатни нафақат қизиқарли, балки унутилмас тажрибага айлантирмоқда.
Туризм соҳаси мутахассислари фикрича, халқаро оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақидаги ижобий материаллар сонининг ортиши мамлакатнинг жаҳон туристик харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки Евроосиё ҳудудидаги энг истиқболли туристик йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда.

