Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистоннинг қурилиш материаллари саноатидаги йирик корхоналаридан бири бўлган «Khorezm Insulation Group» (KIG) компаниясини қўллаб-қувватлаш мақсадида 29 миллион АҚШ долларигача миқдорда кредит ажратади.
Молиявий маблағлар компаниянинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, балансини қайта тузиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш дастурини амалга оширишга йўналтирилади.
Лойиҳа доирасида замонавий ихтисослаштирилган ускуналар харид қилиниб, янги ишлаб чиқариш линияси ишга туширилади. Бу эса корхонанинг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва бозордаги рақобатбардошлигини кучайтириш имконини беради.
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида жойлашган асосий ишлаб чиқариш мажмуасида базальт толасидан тайёрланадиган иссиқлик изоляцияси плиталарини ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш режалаштирилган. Лойиҳа амалга оширилгач, корхонанинг йиллик қуввати 30 минг тоннадан 100 минг тоннагача етказилади.
Мутахассислар фикрича, ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайиши компанияга ички бозордаги талабни қондириш билан бир қаторда Марказий Осиё мамлакатларида қурилиш соҳаси учун зарур бўлган замонавий иссиқлик изоляцияси материаллари экспортини ҳам ошириш имконини беради.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа ЕТТБнинг Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш ва яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегияси доирасида амалга оширилмоқда. Иссиқлик изоляцияси материалларидан кенг фойдаланиш биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ва энергия сарфини камайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистонда 210 та лойиҳа доирасида қарийб 6,9 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган. Маблағларнинг асосий қисми хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларини модернизация қилишга йўналтирилган.

