Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Eco Expo 2026 халқаро кўргазмаси доирасида БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.
Ҳужжатга БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Akiko Fujii ва Қорақалпоғистон Экология қўмитаси раиси Leyla Seitova имзо чекди.
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Оролбўйи ҳудудидаги экологик инқироз оқибатларини юмшатиш ва аҳолининг иқлим ўзгаришига мослашувчанлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олди.
Ҳамкорлик доирасида зарар кўрган ерларни тиклаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Амударёнинг қуйи қисмидаги кўллар ва сув-ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, қўриқланадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш, ўрмон ва яйловлардан барқарор фойдаланиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларига қарши курашиш, экологик таълим ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳам устувор вазифалардан бири бўлади.
Лейла Сеитованинг таъкидлашича, Оролбўйида экологик масалалар аҳолининг турмуш даражаси ва иқтисодий тараққиёти билан бевосита боғлиқ. Ушбу ҳамкорлик табиатни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича янги имкониятларни яратади.
Акико Фудзии эса келишув Оролбўйи табиатини асраш, экотизимларни тиклаш ва аҳоли ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган комплекс ёндашувни янада кучайтиришини таъкидлади.
Мазкур ташаббуснинг асосий амалий механизми сифатида Орол денгизи ҳудудидаги кўл ва сув-ботқоқ тизимларини сақлашга қаратилган Aral Sea Wetlands лойиҳаси хизмат қилади. Лойиҳа Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси ҳамда БМТ томонидан Глобал экологик жамғарма (GEF) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа Оролбўйи экотизимларини сақлаш билан бирга, табиий ресурсларга боғлиқ бўлган маҳаллий аҳоли фаровонлигини қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилади.

