Водий ҳудудларида суюлтирилган газ таъминотида кузатилаётган узилишлар ва кечикишлар 15 июнга қадар тўлиқ бартараф этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» компанияси маълум қилди.
Компания маълумотига кўра, таъминотдаги вақтинчалик муаммолар айрим ишлаб чиқариш корхоналарида амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари билан боғлиқ. Шу муносабат билан газ етказиб бериш жараёнида узилишлар юзага келгани қайд этилган.
Айни пайтда «Ўзбекнефтгаз» томонидан эълон қилинган маълумотда таъмирлаш ишларига қарамасдан, белгиланган ҳажмдаги суюлтирилган газ тўлиқ етказиб берилгани таъкидланди.
Шу тариқа, масала юзасидан турли изоҳлар билдирилмоқда. Водий вилоятларида яшовчи аҳоли эса суюлтирилган газ таъминотининг барқарорлашиши ва муаммоларнинг қисқа муддатда ҳал этилишини кутмоқда.

