Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Тошкент шаҳрида «Францияда ишлаб чиқарилган» кўргазмасини ташкил этмоқда. Мазкур тадбир ҳар йили Елисей саройида ўтказилиб, ташриф буюрувчиларни Франция саноати ва ҳунармандчилик соҳасидаги ютуқлар билан таништиради.
Кўргазма 6–7 июнь кунлари Фотосуратлар уйида бўлиб ўтади. Ташриф буюрувчиларга Франциянинг турли ҳудудларидан келтирилган 100 дан ортиқ экспонат намойиш этилади. Улар миллий ишлаб чиқариш, инновациялар ва анъанавий ҳунармандчиликнинг ранг-баранглигини акс эттиради.
Кўргазмада Louis Vuitton, Dior, Guerlain, Airbus ва Michelin каби машҳур француз брендларининг маҳсулотлари ва ишланмалари тақдим этилади.
Франция элчихонаси маълумотига кўра, тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистон жамоатчилигини Франция иқтисодиёти, саноати, дизайн соҳаси ва замонавий технологияларининг сўнгги ютуқлари билан таништиришдан иборат.
Кўргазма барча хоҳловчилар учун очиқ бўлади. Кириш бепул.

