Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 60 гектар майдонда кимё саноатига ихтисослашган инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида 2027 йил якунига қадар Тошкент кимё-технология институти ҳамда Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент филиалини янги кластер ҳудудига кўчириш режалаштирилган.
Кластер таркибида Жанубий Корея билан ҳамкорликда Кимё технологиялари инновация маркази ҳам барпо этилади. Марказ замонавий тадқиқотлар, илмий ишланмалар ва саноатга татбиқ этиладиган инновацион ечимларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Шунингдек, марказда амалга ошириладиган тажриба-синов ишлари билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи қоплаб берилиши белгиланган. Бу эса илмий изланишлар ва янги технологияларни ишлаб чиқиш жараёнларини рағбатлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

