Сурхондарё вилоятининг Денов туманида электр қувватлаш шаҳобчасида турган “LEAPMOTOR C11” русумли электромобилда ёнғин содир бўлди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса 26 май куни соат 16:22 атрофида “Боғишамол” маҳалласи ҳудудида қайд этилган. Фуқарога тегишли бўлган электромобиль қувватлаш ускунасига уланган вақтда тўсатдан ёнғин чиққан.
Хабар келиб тушганидан сўнг ёнғин жойига 8-қутқарув бўлинмасидан икки экипаж жалб қилинган. Қутқарувчилар воқеа жойига соат 16:24 да етиб бориб, ёнғинни бир дақиқа ичида қуршаб олган ва соат 16:30 да тўлиқ бартараф этган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

