Лондон фонд биржасида бўлиб ўтган UzNIF IPO маросими Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим тарихий воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда. Халқаро молия бозоридаги мазкур жойлаштириш мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва капитал бозорини ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Маросимда сўз олган “Franklin Templeton” компанияси бош ижрочи директори Женни Жонсон Ўзбекистон билан олиб борилаётган ҳамкорликни юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, компания Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги ислоҳотлар доирасида давлат корхоналарида самарали бошқарувни йўлга қўйиш, барқарор бизнес муҳитини шакллантириш ва маҳаллий капитал бозорини ривожлантириш жараёнларида иштирок этаётганидан мамнун.
Женни Жонсон UzNIF IPO’сининг муваффақиятли амалга оширилиши келгусида бошқа ўзбекистонлик компаниялар учун ҳам халқаро фонд бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришини қайд этди.
Иқтисодчилар фикрича, Ўзбекистоннинг Лондон фонд биржасига чиқиши мамлакат иқтисодиётининг очиқлиги ва халқаро инвесторлар ишончининг ортиб бораётганини кўрсатади. Бу жараён корпоратив бошқарув стандартларини такомиллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

