2026 йил 7 май куни Тошкент халқаро аэропортида халқаро рейс йўловчилари учун аэропорт расмиятчиликларидан тезкор ўтишга мўлжалланган Fast Track хизмати ишга туширилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда аэропорт, банк сектори, туризм ва авиакомпаниялар, шунингдек халқаро ҳамкорлар вакиллари иштирок этди. Меҳмонлар орасида дунёдаги энг йирик саёҳатчилар сервисларидан бири бўлган Priority Pass халқаро дастури эгаси ҳисобланган Collinson Group вакиллари ҳам қатнашди. Лойиҳанинг технологик ҳамкори сифатида HighPass компанияси хизмат қилди. Компания хизматни рақамли интеграция қилиш ва йўловчилар ҳамда ҳамкорлар учун тизимни улашни таъминлади.
Лойиҳа доирасида халқаро аэропорт терминалида HighPass рақамли экотизимига интеграция қилинган автоматлаштирилган Fast Track-гейтлар ўрнатилди. Улар орқали йўловчилар хизматни расмийлаштириш пайтида олинган QR-код ёрдамида учиб кетиш ва етиб келишда паспорт назоратидан алоҳида йўлак орқали ўтишлари мумкин бўлади.
Кутилмоқдаки, мазкур хизмат HighPass платформаси орқали тўғридан-тўғри, шунингдек авиачипталар ва туристик пакетлар сотиб олиш жараёнида авиакомпаниялар ҳамда туроператорлар сайтлари орқали ҳам тақдим этилади.
Таъкидланишича, дунё бўйича 100 тадан кам автоматлаштирилган Fast Track хизмати мавжуд. Тошкент аэропорти Марказий Осиёда бундай технология жорий этилган биринчи аэропортга айланди.
Fast Track хизмати ишга туширилиши пойтахт аэропорти йўловчи инфратузилмасини модернизация қилиш ва халқаро хизмат кўрсатиш стандартларига мувофиқ замонавий сервис ечимларини жорий этишнинг навбатдаги босқичи бўлди.

