Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси (ХОҚЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида иштирок этди ва мамлакатнинг ташкилотдаги бўлғуси раислигининг асосий йўналишларини тақдим этди. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда минтақа давлатлари етакчилари Садир Жапаров, Эмомали Раҳмон, Сердар Бердимуҳамедов ҳамда ХОҚЖ Ижроия қўмитаси раиси Асхат Оразбай қатнашди.
Учрашув давомида Қозоғистоннинг 2023–2026 йиллардаги раислиги якунлари сарҳисоб қилиниб, Орол денгизи ҳавзасидаги экологик, сув хўжалиги ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон раҳбари иқлим ўзгариши ва сув истеъмоли ортиши фонида Жамғарманинг роли сезиларли даражада ошаётганини таъкидлади. Экспертлар таҳлилига кўра, 2040 йилга бориб минтақада сув ресурслари тақчиллиги деярли икки баробар ортиб, йилига 20 миллиард куб метрга етиши мумкин.
Президент минтақа мамлакатлари сувдан фойдаланиш самарадорлиги бўйича ҳали ҳам жаҳон кўрсаткичларидан ортда қолаётганини қайд этди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида суғориладиган ерларнинг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилган, каналларни бетонлаштириш даражаси 40 фоизга етган. Бу чоралар йилига 10 миллиард куб метрдан ортиқ сувни иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон раислиги даврида Жамғарма тузилмасини ва ҳуқуқий базасини модернизация қилиш, минтақавий саммитлар қарорлари билан фаолиятни мувофиқлаштириш, молиялаштириш механизмларини кенгайтириш ва сувга эҳтиром билан муносабатда бўлиш маданиятини шакллантириш устувор вазифалар этиб белгиланди. Амалий ташаббус сифатида фермерлар ва саноатчиларни сув тежовчи технологияларга ўқитишга қаратилган «Келажак суви» минтақавий дастурини ишга тушириш таклиф этилди.
Шунингдек, Афғонистонни сув ресурслари ва экология бўйича минтақавий ҳамкорликка жалб этиш ҳамда ресурсларни тақсимлашнинг ягона ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шавкат Мирзиёев 2026–2036 йилларни «Сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги» деб эълон қилишни таклиф қилди. Йиғилиш якунида Остона баёноти имзоланди ва Шавкат Мирзиёев 2027–2029 йиллар учун Жамғарма президенти этиб сайланди.

