Самарқанд вилояти Иштихон тумани ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган қатор муваффақиятли тезкор тадбирлар давомида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатувчилар қўлга олинди ҳамда ўсимлик туридаги наркотик моддалар сақланган яширин омбор фош этилди. Жами ноқонуний муомаладан 4 килограммдан ортиқ тақиқланган моддалар мусодара қилинди.
Ҳодисалар Митан посёлкасида содир бўлди. Махсус операция давомида 25 ёшли Қўшработ туманида яшовчи шахс ва унинг 29 ёшли тошкентлик шериги қўлга олинди. Улар 80 грамм «спайс» синтетик гиёҳвандлик воситасини 2 миллион сўмга сотмоқчи бўлган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Шубҳаланувчиларнинг автомашинаси кўздан кечирилганда, сотувга тайёрланган яна 30 грамм «спайс» аниқланди.
Тезкор тадбирлар давомида яна бир шахс — муқаддам шу турдаги жиноят учун судланган 53 ёшли маҳаллий фуқаро аниқланди. Тергов маълумотларига кўра, у ўз уйида яширин омбор ва гиёҳвандлик моддаларини қайта ишлаш бўйича мини-цех ташкил этган.
Унинг уйида ўтказилган тинтув вақтида қуйидагилар топилиб мусодара қилинди:
• 1,1 килограммдан ортиқ гашиш,
• 700 грамм марихуана,
• муайян миқдорда опий,
• қарийб 2 килограмм гиёҳвандлик хусусиятига эга ўсимлик уруғлари.
Шунингдек, гашишни эритиш усули орқали тайёрлаш учун махсус идишлар ва гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга мўлжалланган жиҳозлар ҳам аниқланди.
Барча аниқланган моддалар белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, мусодара қилинди.
Ушбу ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми («Гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний тайёрлаш, олиш, сақлаш ва сотиш») билан жиноят иши қўзғатилди.
Шубҳаланувчиларга узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид солмоқда. Айни пайтда барча ҳолатлар ва жиноятга алоқадор шахсларни аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

