Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қўшни давлатдан контрабанда қилинган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди.
Хусусан, олдиндан кузатувга олинган Ургут туманида яшовчи, 1989 ва 1992 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро айланма йўллар орқали Тожикистон Республикасининг Панжикент туманига бориб, наркосавдогарлардан соф оғирлиги 14 кг 766 гр “опий” ва 14 кг 958 гр “гашиш” моддаларини олиб, “ўзбек-тожик” давлат чегарасини бузган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудига қайтиб ўтган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бошқа ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, Самарқанд шаҳар “Орзу” МФЙ ҳудудида жойлашган хусусий автомашина гаражи холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, ундаги махсус тайёрланган хуфия жойда бўлган мармар тошлар орасига 9 кг 40 гр опий экстракцияси яширилганлиги аниқланди.
Таъкидлаш лозимки, одатда бундай наркотиклар хориждан контрабанда йўли билан олиб келинади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гараж эгасини қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.
Қайд этиш керакки, ҳар икки ҳолатдаги жиноятларни содир этганлик учун қонунчиликда 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

