Германия темир йўл оператори Deutsche Bahn таркибига кирувчи юк ташиш бўлими — DB Cargo 2030 йилга қадар 6 минг иш ўрнини қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания раҳбари Бернхард Осбург маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мазкур қарор компанияни қайта тузиш ва фойдага чиқариш дастури доирасида қабул қилинган. Қисқартиришлар DB Cargo’нинг 14 минг нафар ходимидан қарийб ярмини қамраб олади. Раҳбарият харажатлар юқори эканини, бу эса рақобатчилар билан ўртадаги асосий тафовут эканини таъкидлаган.
Маълум қилинишича, автомобилсозлик, пўлат ва кимё саноати соҳаларида юк ташиш ҳажми пасайган. Бироқ бу ўзгаришларга мос равишда иш ўринлари қисқартирилмаган.
Шу билан бирга, имкони борича қисқартиришга тушган ходимларга Deutsche Bahn’нинг бошқа бўлинмаларида иш таклиф этилиши режалаштирилмоқда. Компанияда умумий ҳисобда тахминан 220 минг нафар ходим меҳнат қилади.
Бозорда етакчи, аммо босим ортиб бормоқда
Германияда ҳар куни қарийб 1 миллион тонна юк темир йўл орқали ташилади. DB Cargo бозорда етакчи ҳисобланади, бироқ рақобатчилар улуши ортиб, умумий бозорнинг қарийб 60 фоизини эгаллаган.
Компания, шунингдек, Европа комиссиясининг давлат корхоналарига ортиқча молиявий ёрдамни чеклаш бўйича талаблари туфайли ҳам босим остида қолмоқда. Талабга кўра, DB Cargo 2026 йил охирига қадар фойда кўрсатиши шарт. Давлатга қарашли бош компания эндиликда юк ташиш бўлими зарарларини қоплаб бериши мумкин эмас.
Осбургнинг маълум қилишича, 2026 йилда ўн миллионлаб евро миқдорида соф фойдага чиқиш мақсад қилинган. Компания жорий йилнинг биринчи ярмида 96 миллион евро операцион зарар кўрган бўлса, иккинчи ярмида операцион фойда қайд этилган.
DB Cargo халқаро бозорда фаолиятни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Жумладан, Жануби-Шарқий Европада автомобил саноати билан ҳамкорлик имкониятлари, шунингдек, Хитойдан пўлат импорти бўйича йирик портлар, хусусан, Роттердам атрофидаги йўналишлар ўрганилмоқда.
Темир йўлчилар касаба уюшмаси EVG раҳбарияти эса компания самарадорлигини ошириш зарурлигини тан олган ҳолда, иш ўринларини қисқартириш усули бўйича келишмовчиликлар мавжудлигини билдирган. Касаба уюшмаси вакиллари ҳар бир иш ўрнини сақлаб қолиш учун кураш олиб боришини маълум қилди.

