Буюк Британия қироли Карл IIIнинг укаси — принс Эндрю Маунтбеттен‑Виндзор 12 соатлик сўроқдан сўнг полиция биносини тарк этди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Принс полиция бўлими жойлашган Норфолк графлигидаги Айлшем шаҳрида полиция участкаси ҳудудидан чиқиб кетаётган автомобилнинг орқа ўриндигида кўрилган. У тергов давомида озод этилган, шу билан бирга унинг иши бўйича суриштирув ҳамон давом этмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, Эндрю 19 феврал куни эрталаб хизмат лавозимига доир жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган.
Бундан аввал принс Эндрю Америка молиячиси Жеффри Эпштейн билан боғлиқ жанжал доирасида тилга олинган эди. Эпштейн одам савдоси ва жинсий эксплуатация мақсадида қурбонларни «ишлатган»ликда айбланган. Жабрланувчилардан бири Эпштейн уни ўзининг нуфузли танишларига, жумладан принс Эндрюга ҳам «топширган»ини айтган. Принс Эндрю эса ноқонуний ҳаракатларни бир неча бор рад этган.
Қайд этилишича, Буюк Британия қирол оиласи аъзолари иштирокидаги бундай ҳолатлар жуда кам учрайди. Тарихий нуқтаи назардан, монархия вакилларининг сўнгги марта қўлга олиниши 1647 йилда — фуқаролик уруши даврида Карл I ҳибсга олинган пайтда содир бўлган. Кейинчалик у суд қилинган ва қатл этилган.

