Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги 2026-йил 30 майдан — 6 июньга кунлари Глобал экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтишини эълон қилди. Бразилиянинг Белен шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича CoP30 конференцияси доирасида GEF билан ушбу муносабат билан келишув имзоланди.
GEF бош директори ва раиси Карлос Мануэл Родригеснинг таъкидлашича, Ассамблея муҳим босқичда ўтмоқда:
“2030 йилгача белгиланган вазифаларни бажариш учун олдимизда бор-йўғи тўрт йил қолди. Ҳукуматлар, хусусий сектор ва фуқаролик жамиятини ‘Табиат – Иқлим – Ифлосланиш’ тамойили асосида бирлаштириш орқали кенг кўламли ва инклюзив чора-тадбирларни бошлаш зарур”.
Ўзбекистон экология вазири Азиз Абдуҳакимов VIII Ассамблея барқарорлик ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларни бирлаштириш, инвестициялар жалб этиш ва тажриба алмашишни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини билдирди. “Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Марказий Осиёнинг экология марказига айланиб бормоқда. Самарқандда дунё меҳмонларини қарши олиш биз учун шараф. Умид қиламизки, GEF Ассамблеяси ҳамкорлик ва умумий масъулият рамзига айланади”, — деди вазир Азиз Абдуҳакимов.
Маълумотларга кўра, VIII Ассамблея 186 мамлакатдан вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, бизнес ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштириб, глобал экологик мақсадларга эришиш бўйича тезлаштирилган йўл харитасини белгилайди. Тадбирда биоихилма-хилликни сақлаш, ерларни тиклаш, кимёвий ифлосланишни камайтириш ва иқлимбардошликни кучайтиришга қаратилган стратегик инвестициялар муҳокама этилади.
Ўзбекистон 1995 йилда GEFга қўшилганидан бери миллий ва минтақавий грантлардан фойдаланиб келмоқда. Ҳамкорлик доирасида Марказий Осиё трансчегаравий биоихилма-хиллик лойиҳаси ва Оролбўйи дастурлари орқали экотизимларни бошқариш ва иқлимга мослашув кучайтирилган.

