Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) талаба ёшларни ҳар томонлама баркамол, юксак фикрлаш қобилияти соҳиблари қилиб тарбиялаш йўлида яна бир муҳим қадам ташлади. Университет таркибидаги Корея технологияси ва маданияти институти (KITC)нинг “Дизайн” йўналиши талабалари учун таниқли сингапурлик кинорежиссёр, ёзувчи, муваффақиятли тадбиркор ва бизнес-тренер Ng Chenghan Josiah томонидан эксклюзив семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилди.

Талабаларга муаммони ҳал этишда тизимли ва стратегик ёндашув ўргатилмоқда. Бежиз Сингапур нафақат молия ва технология маркази, балки тизимли ва стратегик ёндашувлар орқали муаммоларни ҳал этишга қодир давлат сифатида тан олинмаган-да!
Ng Chenghan Josiah талабаларни Сингапурнинг ривожланиш модели билан таништирар экан, уларга мамлакатнинг муваффақиятга эришишида ижодий тафаккурнинг кучи ҳамда тизимли ва стратегик ёндашувларнинг ўрни ҳақида қизиқарли маълумотлар улашди.


Сингапур қисқа вақт ичида тўғри бошқарув стратегияси ва инновацион ислоҳотлар орқали глобал молия ва технология марказига айланди. Маърузаларида “Сингапур мўжизаси” ва унинг асосий меъмори – Ли Куан Ю ҳақида батафсил сўз юритди. Ли Куан Ю – стратегик фикрлаш, қатъий тартиб ва инновацион иқтисодий ислоҳотлар ёрдамида мамлакатни тубдан ўзгартирган етакчи сифатида тарихда ўчмас из қолдирган.
Маълумки, SIUT иқтидорли муҳандислар тайёрлашга бел боғлаган. Улар иш давомида омма олдида чиқиш, ўз ғояларини ишонч билан тақдим этиш қобилиятига эга бўлмоғи лозим. Шуни инобатга олган ҳолда Ng Chenghan Josiah талабалар омма олдида чиқиш қилишда пайдо бўлиши мумкин бўлган қўрқувни енгиш, нафасни бошқариш, тана ҳолати ва ишоралардан тўғри фойдаланиш, нутқ мантиқийлигини шакллантириш усуллари бўйича амалий машғулотлар ўтказди. Унинг “қўрқув – тараққиётнинг бош душмани” деган сўзлари диққатга молик.
Мутахассис талабаларга қуйидагиларни таъкидлади: “Агар сиз ўз ғояларингизни аудиторияга етказа олмасангиз, дизайнингиз оддий бир чизмадан иборат бўлиб қолаверади. Дизайн бу – нафақат чиройли тасвир яратиш, балки фикр ва ғояларни стратегик тарзда ифодалаш санъатидир”.
Ng Chenghan Josiah SIUT профессор-ўқитувчилари учун ҳам алоҳида маҳорат дарслари ташкил этди. У дарс жараёнини самарали ташкил этиш, ижодий усуллардан фойдаланиш ва талабалар билан интерактив мулоқотни кучайтириш бўйича қимматли тавсиялар берди.
Ушбу маҳорат дарслари қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олди:


“Брендинг ва ҳикоя яратиш асослари” (The Foundations of Branding & Storytelling) – визуал ва консептуал ғояларни шакллантириш техникалари; “Таъсирчан тақдимот маҳорати” (Effective Presentation Skills) – аудиторияни жалб қилиш ва ишончли нутқ кўникмаларини ривожлантириш усуллари; “Дизайнерлик ва стратегик фикрлаш” (Strategy & Design Thinking) – ижодий ва тизимли методологиялар асосида самарали муаммоларни ҳал қилиш.
Семинар ва маҳорат дарслари март ойининг охиригача давом этади.
Самарқанд халқаро технология университетининг барча соҳалар бўйича дунёдаги етакчи мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этаёганлиги SIUT ректори профессор Юсуф Абдуллаевнинг салоҳияти ва халқаро илмий ҳамжамиятдаги мавқеига ҳам боғлиқ эканлигини тан олиш жоиздир. Жумладан, АҚШнинг «Resource Exchange International” (REI) ташкилоти билан ҳамкорликда халқаро миқёсда маълум ва машҳур бўлган мутахассислар таклиф этилмоқда. Улар талаблар ва профессор-ўқувчилар билан машғулотлар ўтказмоқда ва бу университет битирувчилар касбий маҳоратини янада ошириш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Фото: SIUT Ахборот хизмати