19 C
Узбекистан
Среда, 23 апреля, 2025

Амирликлар нега бунчалик бой? Ахир, нефть ва турли фойдали қазилмалар бошқа мамлакатларда ҳам бор-ку!

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,450участниковПодписаться
- Advertisement -

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) бойиб кетганлигининг асосий омилини нефть ташкил этишини аксарият билади. Аммо нефть ва бошқа қазилма бойлликлари кўпгина давлатларда бор-ку! Уларнинг ҳаммасида ҳам аҳоли фаровонликда яшамайди. Давлат бойу халқи қашшоқ мамлакатларда ҳам табиий бойликлардан самарали фойдаланилганда, бир ҳовуч амалдорлар ўзлари ва яқинлари мафаатини эмас, умумдавлат, умумхалқ  манфаатларини ўйлаб иш юритганда, ҳамма ёқ “Дубай” бўлиб кетарди.

Ўтган йили кузда дўстларимиз билан БАА пойтахти Абу-Даби ва машҳур, бой Дубай бўйлаб саёҳатимиз давомида юқоридаги саволга жавоб изладим. Экскурсияларимиз етакчилари –  гидлар ва бошқа суҳбатдошлар Амирликларни бошқарган шайхларнинг узоқни кўриб иш тутганликлари, ўз халқи манфаати ҳақида қайғурганликлари мамлакат ривожининг бош омили бўлганлигини уқтиришди. Дарҳақиқат, БААда давлат раҳбарлари ўта оқиллик билан иш юритганлари оқибатида бойлик бир ҳовуч амалдорлар қўлида тўпланмади, аксинча табиий қазилмалар мамлакат ривожи, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилди. Афсуски, нефть ва бошқа турли-туман қазилма бойликларига эга давлатларнинг барчасида ҳам бундай ҳолат кузатилмайди. Нега?

Узоқни кўриб иш қилган деганда, нефть битмас-туганмас манба эмаслигини англаган ҳолда, бу хомашёдан тушган маблағни бошқа соҳалар, жумладан, туризмни ривожлантириш йўлида ишлатиш,  иқтисодиётни диверсифакация қилиш учун барча чоралар кўрилганлиги назарда тутилади. 

БАА иқтисодиётининг асосини нефть ташкил этади, бутун дунёдаги нефть заҳирасининг 10 фоизи шу заминда. Мамлакатда табиий газ кони ҳам сероб. Шу боис иқтисодиёт нефть ва табиий газни қазиб олиш ва қайта ишлашга асосланган. Маҳаллий аҳоли хурмо етиштириш, денгиздан марварид қидириш, туя ва йилқичилик, балиқ овлаш каби анъанавий машғулотлар билан ҳам шуғулланади.

БАА сўнгги йилларда нефть экспортидан тушган даромадни сайёҳлик, савдо-сотиқ, саноат, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, ижтимоий тармоқни ривожлантиришга йўналтирмоқда. Мамлакатда инфратузилмани фаол ривожлантиришга киришилгандан кейин чет эл сармоядорлари амирликларга жиддий қизиқиш билан қарай бошлади. Натижада нефтни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш саноатининг ЯИМдаги улуши аста-секин пасайиб бориб, сайёҳлик, кўчмас мулк, қурилиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги каби бошқа соҳалар ривожланишига йўл очилди.

БАА 7 та амирликнинг бир давлатга бирлашуви натижасида вужудга келган эди. 1971 йилнинг 2 декабри федератив давлат ташкил топган кун саналади. Уларнинг каттаси ва машҳури Дубай ҳисобланади. Дубайда БАА нефть захирасининг 5 фоизи мавжуд. Бугунга келиб, Дубай иқтисодининг атиги 1-2 фоизи нефтга боғлиқ холос. Агар ўз вақтида ҳукумат тўғри сиёсат юргизмаганида, нефтдан тушган бойликни шайху бошқа амалдорлар яқинлари билан ўзаро тақсимлаб, ютиб юборганда, бугунга келиб аҳвол қандай аянчли тус оларди, буниси фақат Оллоҳга аён.

Амирликлар мисолида одам ҳар нарсага қодирлигини кўрса бўлади. Агар аниқ мақсад асосида саводли бошқарув амалга оширилса, ўз халқига озгина ҳам эҳтиром кўрсатиладиган бўлса, мамлакат ривожланиб кетаркан.  Дубай бойлиги унинг раҳбарларининг ўз халқига бўлган муносабати билан боғлиқ. Катта бойлик, олтину зар устида ўтирган ҳолда шайхлар ўз халқи ва келажак авлод ҳақида қайғуради. Шу сабабли нефтдан тушган маблағни мамлакат тараққиётига сарфлайди, янги даромадли соҳаларни ривожлантиришни ўйлайди. 

Аввал бошиданоқ иқтисодиётни диверсификация қилиниши, божсиз савдо-сотиқ, эркин иқтисодий зоналар ташкил этилганлиги, даромад солиғи йўқлиги, хорижий  инвесторлар учун 100 фоизлик эгалик ҳуқуқи ҳамда тўғри йўлга қўйилган бошқарув тизими Дубайни жозибадор халқаро молия марказига айлантирди ва хорижий инвестициялар оқимини кучайтирди.

Эътибор қаратайлик, бундай ижобий ўзгаришлар давлат бошқарувининг мутлақ (абсолют) монархия ҳукмронлиги шароитида амалга оширилмоқда. Агар у ерда раҳбарлар ўзига ҳамма нарса мумкин деб ҳисоблаб, бойликни болалари, куёву қудалари, тоғаю амакилари билан ўзаро бўлишганда, нима бўларди? Гўр ҳам бўлмасди! Нефту бошқа табиий бойликлар алоҳида оилалаларнинг тагига кириб кетарди. Қаранг-а, уларда бизга ўхшаб Конституцияда қазилма бойликлар халқ мулки деб ёзиб қўйилмаган. Чунки уларда Конституциянинг ўзи йўқ.

Конституциямизнинг 68-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир,  улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб муҳрлаб қўйилган. “Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида ҳам ер ости бойликлари умуммиллий бойлик эканлиги уқтирилган. Умуммиллий бойликдан оқилона фойдаланиш деганда, биринчи навбатда ундан халқ манфаати йўлида фойдаланиш тушунилса керак. Шундай эмасми?

Айрим маълумотларга қараганда, БАА биринчи президенти шайх Зайд ибн Султон Оли Наҳаённинг, 30 нафарга яқин фарзанди бўлган, шундан 19 нафари ўғил. Энди тасаввур қилинг. Агар у “мен мутлоқ монархман, истаганимни қиламан, болаларим, куёвларим келажагини ўйлашим керак, менга ким нима дейди” қабилида фикр юритганида, умумхалқ  бойлигини фақат ўз оиласи манфаатига сарфлаганида, мамлакат қандай аҳволга тушарди? Бугунги Дубайни, айниқса нефти тугаб бораётган бир шароитда, тушимизда ҳам кўролмасдик.

Мисол тариқасида Сурияга мурожаат қилайлик. Маълумотларга кўра, Башар Асад ва унинг оиласи умумий мол-мулки тахминан 60 миллиарддан 122 миллиард долларгача баҳоланади. Асад оиласи Сурия иқтисодиётининг 60-75% қисмини назорат остига олган экан.

Асад оиласининг бу қадар бойликка эга бўлиши Сурияда коррупциянинг кучайишига, иқтисодий муаммоларга ва халқнинг азоб чекишига сабаб бўлган. Улар давлат ресурслари ҳисобига орттирилган бойликларнинг асосий манбаси сифатида халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказган.

Мана, давлат бошқарувидаги фарқнинг оқибатлари. Хуллас, Амирликлар аҳолисининг бой эканлигининг сабаби давлат том маънода умуммиллий бойлик ҳисобланган ресурларни халқ билан баҳам кўришададир.

Демак, мутлоқ монархия тузумидаги ушбу давлатда нефтдан тушган даромаднинг маълум қисмидан аҳоли ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда. Аҳолининг фаровон ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётининг тинимсиз ривожланиб бориши БААни тинч, осуда ва фаровон ҳаёт сари етаклаб бормоқда.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Президент Осиё кубоги ғолибларини «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Ўзининг ёрқин истеъдоди ва профессионал маҳорати, улкан азму шижоати ҳамда мустаҳкам иродасини намоён этиб, Саудия Арабистонида...

Больше похожих статей

×