Бугун Тошкент вилоятининг Паркент туманида “Байтқўрғон – Паркент” оралиғида электрлаштирилган темир йўл линиясининг қурилиши бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хабар қилди.
Лойиҳа бўйича “Байтқўрғон – Паркент” электрлаштирилган темир йўли умумий узунлиги 23,8 километрдан иборат бўлади. Янги йўналишни лойиҳалаш ишлари “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти, қурилиш ишлари эса темирйўлчи мутахассислар томонидан амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида 2 та ажратиш пункти, 4 та кўприк, 2 та йўл ўтказгич, 1 та тунел туридаги йўл ўтказгич, 78 та сув ўтказиш иншооти, 7 та автомобиль йўли ва темир йўли кесишмаси қурилиши режалаштирилган.
Ушбу янги лойиҳа якунига етиб, фойдаланишга топширилгач Паркент туманининг тоғли сўлим гўшаларига ташриф буюрувчилар, айниқса, сайёҳлар оқими сезиларли даражада ортишига замин яратилади.