Ҳар бир инсон туғилиб, вояга етаркан унинг киндик қони тўкилган жойи муқаддас даргоҳ хисобланади. Беғубор ёшлигимизданоқ болалар билан ўйнаб қийқирашиб катта бўлган жойимиз умримизни охиригача онгу шууримизга муҳрланиб қоладики, туз насиба тортиб бошқа шаҳарларга кўчиб кетиш, меҳнат қилиш ёки хорижий мамлакатларда хизмат сафарларида бўлганимизда ўша сўлим қишлоғимиз ёки шаҳримиз кўз ўнгимизга келаверади. Чунки ватан остонадан бошланади. Биз ватанимизни севамиз ва ҳамиша уни ҳимоя қиламиз.
Тарихий манбаларга таянадиган бўлсак, асрлар давомида ёвуз кучларга, исёнчиларга қарши бутун вужуди билан курашган Широқ, Тумарис, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби қахрамонларимиз, истиқлол учун курашган жадидчи боболаримиз, халқимиз қалбида мангу сақланади ва ғурур ифтихор бағишлайди. Ватан, унинг эрки ва озодлиги йўлида қанча-қанча мард ва жасур ватандошларимиз азиз жонларини фидо қилган.
Уларнинг мардонавор қаҳрамонликлари, кўрсатган жасоратлари ҳеч қачон унутилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрдаги 1018-ХХII –сон қонунига асосан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллигини ҳамда ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишдаги, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмаларнинг 1992 йил 14 январдан республика юрисдикциясига ўтказилганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори билан “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” деб белгиланди.
Ватанни ҳимоя қилиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш юртнинг ҳар бир фарзанди вазифасидир. Ватан ҳимоячилари кунини нафақат ҳарбий хизматчилар, балки айни вақтда армия сафларида ўз бурчини ўтаб қайтган ватандошларимиз ва эртага хизматга борадиган минг-минглаб навқирон йигитларнинг байрами, деб қабул қилинган. Ушбу байрам муносабати билан ҳар йили тантанали тадбирлар ўтказилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг Ватан ҳимоячиларига йўллаган табриги чоп этилиб, унда Қуролли Кучлар олдида турган энг долзарб вазифалар белгилаб берилади. Ватанни асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир! [ОКОЗ:1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.23.00.00 Байрамлар. Хотира кунлари. Юбилейлар]
Қайд этиш жоизки, сўнги йилларда мамлакатимизнинг хавфсизлиги, барқарорлиги, сарҳадларининг даҳлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, ҳаракатчан, илғор қуролланган замонавий армияни ташкил этиш бўйича юртимизда кенг миқёсли ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Қуролли кучлар мамлакатимиз аҳолисини, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида муҳим институт ва самарали кучга айланди. Ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирокида мунтазам равишда ҳарбий-ватанпарварлик ва оммавий спорт тадбирлар ташкил этилмоқда.
Умуман олганда, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг бевосита назорати остида амалга оширилаётган комплекс ҳарбий қурилиш чора-тадбирлари Ўзбекистоннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайди. Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар Ўзбекистон армиясини янада юқори, сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш истагидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш хамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4375-сон Қарори билан Темурбеклар мактаби ташкил қилинди.
Бугунги кунда, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қабул қилинган концепцияларни амалга ошириш доирасида ҳар томонлама ривожланган, билимдон, халқига, шунингдек, Ватанга хизмат қилиш ишига содиқ ёшларни тарбиялаш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, миллий қадриятларга, халқларнинг маданиятига ва ўзлигига бўлган таҳдидлар, ёд ғояларни сингдиришга бўлаётган уринишлар кучайиб бораётган глобализация жараёнлари жадал ривожланаётган шароитда ёшлар энг заиф қатлам бўлиб қолаётганлиги сабабли бу йўналишда қўшимча комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади деб белгиланган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, юртимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар этиб белгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 61-моддасида белгиланган Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт;
Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади.
64-моддасида эса Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.
Олий мақсадимиз тинчлик, хотиржамлик, осойишталик ҳукм сураётгат жаннатмакон юртимизни янада равнақ топиши йўлида астойдил хизмат қилишимиз лозим. Қуёшли Ўзбекистонимиз учун қанчалик меҳнат қилсак ҳам камдир.
Шундай юртлар борки, қахратон совуқдан қуёш деярли кўринмайди. Африка мамлакатларида жазирама иссиқ, сувсизликдан одамларни силласи қуриган. Баъзи мамлакатларда уруш ҳолати ёки табиий офатдан халқи азият чексада, ватанига бўлган муҳаббати уларни ўз юртини тарк этишга ҳеч қачон йўл қўймайди.
Яратгувчига шукроналар айтимишиз керакки, диёримизда тинчлик, хотиржамлик, осойишталик ҳукм сурмоқда. Халқимизнинг турмуш тарзи тарзи кун сайин фаровонлашиб бормоқда. Инсон шаъни қадр қиммати ва бошқа даҳлсиз ҳуқуқлари олий қадрият даражасига кўтарилиши билан бир қаторда ҳуқуқ ва эркинлигклари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинаётган жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин.
Бугунги кунда жаҳон ареналарида жонажон ватанимиз байроғи мадҳиямиз янгроғи остида дам бадам юқори саҳналарга кўтарилишини кўриб кўзларимиз қувонч ёшларига тўлмоқда. Ҳарбий соҳада ҳам нафақат СНГ балким, хорижий мамлакатлар ўртасида ўтказилган жанговор мусобақаларда миллий армиямиз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни кўрсатиб юқори ўринларни эгаллашга сазовор бўлишмоқда.
Ватанга қонунларимизга, олиб борилаётган давлат сиёсатига нисбатан барчамизнинг қалбимизда ғурур ифтихор, ҳурмат туйғуси қалқиб тураркан, юртимиз илдам қадамлар билан янада гуллаб яшнаб тараққий этиб бораверади ва бунданда катта ютуқларга эришишимиз муқаррардир!
Аброр Бердиев,
Миробод туман адлия бўлими
бош юристконсульти