Форумнинг мақсади – рақамли иқтисодиётда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари, фуқаролик жамияти институтлари, бизнес, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг ресурслари ва саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, шунингдек, аёлларнинг рақамли ва молиявий саводхонлигини ошириш, ижтимоий мақоми ва иқтисодий барқарорлигини юксалтиришга қаратилган.
Форум ташкилотчилари: “Шарқ аёли” халқаро жамоат фонди ва Ўзбекистон менежерлар ассоциацияси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва USAID бизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси, USAIDнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш лойиҳаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.
Форум ҳамкор ташкилотлар — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, маҳаллий ҳокимият органлари, ННТлар томонидан қўллаб-қувватланди.
“Шарқ аёли” ХАЖФ ва Ўзбекистон Менежерлар ассоциацияси фуқаролик жамияти вакиллари сифатида Ўзбекистон Президенти томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ишбилармонлик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича барча манфаатдор томонларга қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Ушбу ташаббусни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш масалалари Форум иштирокчилари томонидан муҳокама қилинди.
Форумнинг биринчи кунида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан, шу жумладан, энг олис ҳудудларидан келган аёлларнинг фаол иқтисодий ҳаётга жалб этиш масалалари, молиявий ва рақамли саводхонлик ҳамда тадбиркорлик асослари бўйича янги шакллар ва усулларда ўқитиш ташкил этиш орқали муҳокама қилинди.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг етакчи экспертлари ўз тажрибалари билан бўлишдилар ва рақамли иқтисодиёт соҳасида иш олиб борувчи компаниялар ва ташкилотларда ўз бизнесини очиш ёки ишга жойлашиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш имкониятлари ҳақида сўз юритдилар.
Марказий Осиё давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда электрон тижорат ва рақамли банк хизматларининг ижобий ривожланиш динамикаси қайд этилди. Шунингдек, ўз бизнесини бошлашни хоҳлаган аёллар ва тадбиркор аёлларга давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамга алоҳида эътибор қаратилди. Улар субсидиялар, имтиёзли шартларда кредитлар, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлар, халқаро донорлар ва молиявий институтлар томонидан ахборот ва таълим кўмагига эга бўлиш имкониятига эга эканлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, форум давомида транспорт-логистика ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришдаги айрим муаммолар ҳам қайд этилди, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг олис ҳудудларида яшовчи кўплаб аёлларнинг молиявий ва рақамли саводхонлик даражасининг пастлиги ҳамда рақамли банк хизмати ва электрон тижоратни тартибга солувчи қонунчиликнинг етарли даражада такомиллашмаганлиги ва Марказий Осиё мамлакатларидаги бизнесни ривожлантиришга оид норматив базалар ўзаро мувофиқлаштирилмагани таъкидланди.
Бу муаммолар Марказий Осиё мамлакатларида электрон тижорат ва рақамли банк хизматларининг тез ривожланишига тўсқинлик қилувчи омиллар сифатида қайд этилди. Экспертлар ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор қизиқарли таклифлар киритдилар. Хусусан, бизнес таълими, рақамли ва молиявий саводхонлик соҳасида янги ечимлар топишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, замонавий технологиялар бизнинг кундалик ҳаётимиз ва бизнесимизга тез жорий этилаётгани муносабати билан зарур ечимларни топиш учун кучли воситага айланмоқда, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини очиш, юритиш ва ривожлантириш учун зарур бўлган кўникмалар ва билимларнинг етишмаслигини тўлдириш имконини беради.
Тадбир якунига кўра, форум иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатларида аёллар тадбиркорлигини барқарор ва тенг ривожлантиришга эришиш, электрон тижорат, рақамли банк хизмати ва сунъий интеллект соҳасида рақамли тараққиётга эришиш учун аёллар бизнесини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича барча манфаатдор томонларнинг куч ва ресурсларини бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Шунингдек, форум иштирокчилари «Шарқ аёли» фонди ва Ўзбекистон Менежерлар ассоциациясининг аёллар тадбиркорлигини рақамли қўллаб-қувватлаш фондини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар, ушбу фонд форумда таклиф этилган ташаббуслар ва лойиҳаларни амалга ошириш учун платформа бўлиб хизмат қилади.
Форумнинг иккинчи куни, 26 сентябрь куни, электрон тижорат, рақамли банк хизмати ва сунъий интеллект соҳасида етакчи мураббийлар иштирокида 2 минг аёл учун амалий машғулотлар ўтказилди. Улардан 1,5 мингдан ортиғини аёл тадбиркорлар, 600 нафарини эса электрон тижорат соҳасида янги касб эгаллаш ёки ўз бизнесини бошлашни истаган аёллар ташкил этди. Тренинглар Тошкент ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи аёллар учун оффлайн тарзда, бошқа ҳудудларда истиқомат қилувчи аёллар учун эса онлайн тарзда ўтказилди.
Тренерлар ва электрон тижорат, рақамли банк хизмати ҳамда сунъий интеллект соҳасидаги мутахассислар аёлларга бизнес очиш жараёнини осонлаштириш, мижозлар билан иш ташкил қилиш, етказиб берувчилар ва харидорларни топиш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш ва бизнес-режа тузиш, мижозлар билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда электрон савдо майдончалари орқали халқаро бозорларга чиқиш каби рақамли имкониятлардан фойдаланишни қадамма-қадам тушунтириб беришди.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан аёлларни жалб қилган ушбу ўзига хос амалий тренингларни ташкил қилиш ва ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Моноцентрлари марказий, барча вилоят ва туман бўлимлари мутахассислари катта ёрдам кўрсатдилар.
Шу куни U-ENTER инновацион бизнес марказида 20 нафар имконияти чекланган аёл тадбиркорлар учун алоҳида дастур сифатида махсус семинар ўтказилди. Семинар ўз бизнесини очиш учун рақамли ишлаб чиқариш технологиялари, 3D-принтерлар ва бошқа замонавий рақамли техникалардан фойдаланиб амалга ошириш мумкин бўлган бизнес ғояларни намойиш этишга бағишланган эди. Марказ тренерлари 3D моделлардан амалий фойдаланиш, лазерли кесгичлардан фойдаланиш бўйича мастер-класс ўтказдилар ва ушбу технологиялар қандай ишлашини тушунтирдилар.
Умуман олганда, форум иши манфаатдор томонларнинг ҳамкорлик қилиш имкониятлари, уларнинг аёллар тадбиркорлигини рақамли тараққиётга олиб чиқишга бўлган истаги ва тайёрлигини, шу орқали аёлларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, уларни мамлакат иқтисодий ҳаётига фаолроқ жалб қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ва туманларидаги аёлларни муносиб турмуш даражаси билан таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини намойиш қилди.
Иштирокчилар шунингдек, форумни ҳар йили ўтказиш ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа хорижий мамлакатлардан иштирокчилар сонини мунтазам ошириб бориш тўғрисида қарор қабул қилдилар.