Қувайтнинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Холид Ал-Жиран ўз дипломатик миссиясини якунламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
Билдирилишича, вазир кеча, 11 сентябрь куни Қувайтнинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Холид Ал-Жиран жаноблари билан хайрлашув учрашувини ўтказган.
«Ўзбекистон ва Қувайт ришталари ҳар бир йўналишда ўсиш суръатини намоён этмоқда. Биз жаноб элчига ўз фаолияти давомида мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларни бойитишга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлигимизни билдирамиз. Унга кейинги фаолиятида муваффақиятлар тилаб қоламиз», деб ёзган Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Маълумот учун, Аҳмад Холид Ал-Жиран 2015 йил декабрь ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига Қувайтнинг мамлакатдаги элчиси сифатидаги ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширганди.