KOICA, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси билан Ўзбекистонда Расмий Ривожланиш Ёрдами (ОДА) доирасида янги лойиҳани имзолади 9-сентабр куни Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси билан «Парламент эшиттириш тизимини жорий этиш ва маҳаллий Кенгашлар билан алоқани яхшилаш орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси фаолиятининг очиқлигини ошириш лойиҳаси» бўйича муҳокама баённомасини имзолади.
Имзолаш маросими КОИCА президенти Жанг Вон Самнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтди ва унда Сенат раиси Танзила Камаловна Нарбаева ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Муйдинкҳонович Исмоилов иштирок этди. Ушбу тадбир тарихий воқеа бўлиб, Сенат ва Қонунчилик палатаси биринчи марта бундай тадбирни биргаликда ташкил этиб, унда қатнашди.
Келишув парламент фаолиятининг очиқлигини ошириш ва марказий ҳамда минтақавий парламентлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Ушбу лойиҳа бўйича муҳокамалар 2022-йилда бошланган бўлиб, дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қаратилган эди. Бироқ, дастлабки ва амалга ошириш тадқиқотлари давомида Олий Мажлиснинг иккала палатаси – Сенат ва Қонунчилик палатасида ҳам тўлиқ очиқликни таъминлаш учун Сенатнинг иштироки зарур эканлиги аниқ бўлди. Шу муносабат билан, жорий йилнинг феврал ойида қўшимча режалаштириш тадқиқоти ўтказилди. Лойиҳа умумий бюджети 13,95 миллион АҚШ долларини ташкил этади, бу аввалги ташаббус бюджетидан икки баравар кўпдир.
Лойиҳада Қонунчилик палатаси ва Сенатда реал вақт режимида эшиттириш тизимларини ўрнатиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, лойиҳа маҳаллий кенгашлар билан видеоконференсиялар ўтказишни йўлга қўяди, бу орқали кенг жамоатчилик Олий Мажлиснинг барча фаолиятини ягона веб-сайт орқали кузатиши мумкин бўлади. Лойиҳа 2027-йилгача якунланиши режалаштирилган бўлиб, унинг бошланиши ушбу муҳокама баённомасининг имзоланишидан бошлаб кучга киради.