Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев томонидан давлат-хусусий шерикликни 2030 йилгача ривожлантириш чора-тадбирларини тасдиқлагани ҳақида хабар берилганди.
Ҳужжат билан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида “Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ташкил этилиши белгиланди.
Лойиҳа офиси Давлат-хусусий шериклик жамғармаси маблағларини бошқариш ҳамда лойиҳаларга консултантларни жалб қилиш билан шуғулланади, доимий роуд-шоу, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил қилиб боради. Шунингдек, офис маҳаллий контентни кўпайтириш ва лойиҳаларни миллий валютада молиялаштиришни кенгайтириш бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқади.
2024 йил якунигача Рақамли технологиялар вазирлиги билан ДХШ лойиҳаларининг электрон платформаси ишлаб чиқилади. Унга тегишли вазирлик, идоралар ва давлат улушига эга компаниялар тизимлари интеграция қилинади.
Бундан ташқари, йил якунигача мамлакатдаги самарасиз фойдаланиб келинаётган йирик шифохоналар, маданият ва спорт иншоотлари (шу жумладан, маданият саройлари, стадионлар, коньсерт заллари, истироҳат боғлари) хатловдан ўтказилиб, хусусий секторга ДХШ асосида бериш бўйича таклифлар ҳукуматга киритилади.
Таклифларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш, Маданият, Спорт вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда ишлаб чиқиш топширилди.
Қарорда коммунал тармоқларни хусусий операторлар бошқарувига ўтказиш белгиланган. Масалан, улар қаторида Самарқанд вилоятидаги электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш ва бошқарувга ўтказиш лойиҳаси бор.
Вилоятда электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича тендер ғолибларини 2025 йил охиригача, газ бўйича эса, 2026 йилнинг якунигача аниқлаш топширилган.
Шунингдек, сув таъминоти ва канализация тармоқларини бошқаришга хусусий тадбиркорларни жалб этиш кўзда тутилган. Бу соҳадаги устувор вазифалар қуйидагилардан иборат:
Наманган оқова сув иншоотларини модернизация қилиш (дастлабки қиймати — $96 млн);
Бухоро иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш ва хусусий бошқарувга бериш ($122 млн);
Сурхондарёнинг ичимлик суви таъминотини яхшилаш ($1,1 млрд);
Данғара, Бувайда, Косонсой, Зомин, Бахмал, Когон туманлари ичимлик ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш ва бошқарувга бериш ($100 млн);
Халқаро молия корпорацияси билан йирик насос станцияларини модернизация қилиш режалаштирилмоқда. Бунда 2026 йил якунигача қиймати $300 млнлик насос станцияларини қуриш ва бошқариш бўйича тендер ўтказиб, келишувга эришиш белгиланган.
2025 йилнинг иккинчи чораги якунигача ОТБ иштирокида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 14 минг ўринга мўлжалланган қиймати $97 млнлик 13 та мактаб қуриш бўйича тендер ўтказиш режалаштирилган.
Хусусий ташаббускорлар билан 2026 йилнинг биринчи чораги якунигача $570 млнлик 66 минг ўринли мактаб қуриш бўйича келишув амалга оширилиши керак.
Соғлиқни сақлаш соҳасида Фарғона вилоятида $306 млнга 800 ўринли шифохона қуриш, шу билан бирга, Бухоро ва Андижонда ҳам $250 млнлик кўп тармоқли шифохоналарни ташкил этиш белгиланди.
Мазкур ҳужжат билан, 2027−2030 йилларда Самарқанд ва Бухоро ўртасида пуллик автомобиль йўли қурилади. Лойиҳа қиймати $1 млрдни ташкил этади.