Рақобат қўмитасига AKFA университетининг “Commercial Law” (Тижорат ҳуқуқи) йўналишида бир йил ўқиган ва кейинги йилдан ушбу йўналишда ўқиш тўхтатиб қўйилганлиги, тўланган пуллар қайтариб берилмаётганлиги тўғрисида 10 га яқин мурожаат келиб тушган.
Таҳлилларга кўра, 2022 йил 10 январда турли ОАВда AKFA университетига 2022/2023 ўқув йили учун қабул бошланганлиги тўғрисида реклама ахборотлари жойлаштирилган ҳамда рекламаларда абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек “Тижорат ҳуқуқи” таълим йўналиши учун ҳам давом этаётганлиги баён қилинган.
Университетга нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш учун берилган лицензияда рухсат этилган таълим йўналишларида “Тижорат ҳуқуқи” мавжуд эмаслигига қарамасдан, мазкур йўналишда ўқитиш учун 2022/2023 ўқув йилида талабалар ўқишга қабул қилинган ва 4 йиллик (8 та семестр) ўқиш учун оммавий оферта шартномаси тузилган. Талабалар 12,5 млн сўмдан 25,0 млн сўмгача контракт тўловини тўлаган (Қўмитага келиб тушган 7 та мурожаатлар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинмаган жами маблағ миқдори 167.500.000,0 сўм).
Ўқиш маълум бир муддат давом этган. 2023 йил август ойида талабаларга “Тижорат ҳуқуқи” йўналишида ўқитиш учун лицензия берилмаганлиги сабабли кейинги 2023/2024 ўқув йилини вақтинчалик гибрид шаклида давом эттириш ёки Халқаро бизнес таълим йўналишида ўқиш таклиф қилинган. Аксарият талабалар бу таклифни рад этган ва айримлари бошқа таълим йўналишида ўқишга рози бўлган.
Бироқ, Университет томонидан бугунги кунга қадар кўрсатилмаган хизмат учун олинган контракт пуллари фуқароларга қайтариб берилмаган.
Мазкур ҳолатлар бўйича “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддаси (хизматнинг хавфсиз бўлиши, ижрочининг ғайриқонуний ҳаракати туфайли етказилган моддий зиёни тўлиқ ҳажмда қопланиши), 7-моддаси (нотўғри реклама оқибатида истеъмолчига етказилган зарар қоплаб берилмаслик), 12-моддаси (хизматни амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда бажарилган бўлиши), 19-моддаси (шартнома шартларини бажармаслик), 21-моддаси (шартномага истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартларни киритиш, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш) талаблари бузилганлиги юзасидан Қўмита Махсус комиссияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2005-йилдаги 225-сонли (10.07.2024 й. 405-сонли) қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан “Central Asian university” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, иш махсус комиссия томонидан аризачилар иштирокида кўриб чиқилди.
МЧЖ томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4, 7, 12, 19 ва 21-моддалари талаблари бузилган деб топилиб, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик, кўрсатилмаган хизмат учун 7 нафар талаба фуқароларга жами 167.500.000 сўм маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек бошқа фуқароларнинг мурожаати асосида улар билан тегишли қайта ҳисоб-китобларни амалга ошириш юзасидан кўрсатма берилди.
Маълумот ўрнида, Махсус комиссиянинг ушбу қароридан (кўрсатмасидан) норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.