Ўзбекистонда биринчи марта “Шарқ – Аксилтеррор – 2024” қўшма аксилтеррор машғулотлари ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича халқаро конференция иштирокчиларига йўлланган мурожаатида айтилади. Давлат раҳбари сўзларига кўра, машғулотлар хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидларга қарши курашишда ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва махсус кучлар бўлинмаларининг салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
“Афсуски, геосиёсий кескинлик ва низоларнинг кучайиши, етакчи давлатлар ўртасида ўзаро ишонч тақчиллиги, глобал хавфсизлик институтлари ролининг пасайиши терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашишда очиқ ҳамда самарали халқаро ҳамкорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда”, — дейилади мурожаатда.
Таъкидланишича, шу билан бирга, кибермаконда хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Бунда ноқонуний фаолият, ёллаш ва радикал ғояларни тарғиб этиш бўйича фаол ишлар миллий чегаралар ва қонунчилик нормаларини тан олмайдиган интернет тармоқлари ҳамда каналлари воситасида тобора кўп амалга оширилмоқда.
“Бунинг оқибатида бугунги кунда аҳолининг нисбатан заиф қатламлари вакиллари, жумладан, бизнинг ёшларимиз ва меҳнат мигрантлари “онлайн манқуртлаштириш” қурбонига айланмоқда, турли ноқонуний гуруҳларга жалб этилмоқда ва жиноят содир этмоқда”, — дейилади мурожаатда.
Шавкат Мирзиёев қайд этишича, шу боис қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ва МДҲ Аксилтеррор маркази фаолияти доирасида бундай хавф-хатар ва таҳдидларни бартараф этиш ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма амалий чора-тадбирларни ўтказиш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.