«Ижтимой фикр» маркази Мустақиллик кунини нишонлашга бағишланган жамоатчилик фикри сўровини ўтказди. «Ижтимой фикр» маркази Мустақиллик кунини нишонлашга бағишланган жамоатчилик фикри сўровини ўтказди. Мақсад — ўзбекистонликларнинг Мустақиллик кунига бўлган муносабатини ва улар ушбу давлат байрамига қандай мазмун беришини аниқлаш.
Сўров натижаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, жамоатчилик онгига Ўзбекистон давлат ва жамият ҳаётининг кўплаб соҳаларида юксак натижаларга эришди, деган фикр сингиб кетган.
Аксарият ўзбекистонликлар (77,9%) мамлакатимиз бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасида салмоқли ютуқларга эришмоқда, деган фикрни билдирган.
Респондентлар ижобий ўзгаришларни иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатлари, кичик ва ўрта бизнес, тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш бўйича самарали чора-тадбирларнинг қабул қилинганлиги, янги иш ўринларининг яратилганлиги ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг рағбатлантирилаётгани билан боғлаган.
74,7% ўзбекистонликлар бугунги ўзгаришларни, ўз касбий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, фаровонлигини ошириш, тобора хилма-хил эҳтиёжларни қондириш учун очилаётган янги имкониятларни ўзида ҳис қилаётганини айтган.
74,2% фуқароларнинг фикрига кўра, мамлакатимиз оммавий спорт, жисмоний тарбия ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришган.
«Сўров давомида 71,7% фуқаролар таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришларни қайд этишди, уларнинг фикрича, сўнгги вақтда таълим муассасалари ишидa, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни замонавий талаблар асосида такомиллаштиришда, ўқув дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида мақбуллаштиришда, болалар боғчалари, мактаблар, коллежлар ва лицейлар, институтлар ва университетларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ижобий натижаларга эришилди.
Респондентларнинг минтақада яратилаётган халқаро транспорт коридорлари ва халқаро транспорт инфратузилмаси мамлакатимизнинг халқаро бозорларга чиқишига имкон берадиган муҳим йўналиш эканлигига ишончи комил. 63,9% фуқаролар шундай фикрда» дейилади марказ маълумотида.
60,5% респондентлар соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, тиббий хизматларнинг сифатини ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш, юқори малакали шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимларини тайёрлашда эришилган ютуқларни қайд этган.
54,7% респондентлар фан ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва инновация ишларини рағбатлантириш, илмий ютуқларни амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, замонавий юқори технологиялар марказлари ва технопаркларни қуриш соҳасидаги ижобий ўзгаришларни қайд этган.
48,4% респондент фикрича, мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар «мақбул», 38,3%и эса ислоҳотлар «жуда тез суръатлар» билан амалга оширилмоқда деб ҳисоблайди.
Сўров давомида респондентлар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, нафақалар миқдорини ошириш ва ижтимоий муаммоларни мустақил ҳал қилиш имконига эга бўлмаган ва давлат кўмагига муҳтож бўлган аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини моддий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чораларини таъкидлаган. Шу билан бирга, сўров иштирокчилари ижтимоий ёрдамнинг хайрия шаклларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соғлиқни сақлаш тизимида суғуртани ривожлантириш зарурлигини айтган.