Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2019-йилнинг январ ойидан 2024-йилнинг июнь ойигача бўлган давр учун сўмнинг номинал ва реал самарали алмашув курслари ҳисоблаб чиқилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2019-йилдан 2023-йилгача реал самарали алмашув курси 7,6 фоизга мустаҳкамланган, номинал самарали алмашув курси эса деярли 6,6 фоизга пасайган.
2024-йил бошидан реал самарали алмашув курси бироз пасая бошлади ва ўз навбатида, номинал самарали алмашув курси деярли бир хил даражада сақланиб қолди.
Номинал ва реал самарали валюта курсларининг ўзгаришига 3 та асосий омил таъсир кўрсатди :
- Номинал курс суммасининг ўзгариши. 2023-йилнинг бошидан 2024-йилнинг июн ойигача бўлган даврда ички валюта бозорида сўм АҚШ долларига нисбатан тахминан 12 фоизга қадрсизланди. 2023-йилнинг бошидан буён Россия (34 фоиз) ва Туркия (72 фоиз) да сезиларли девальвация тенденцияси кузатилган бўлса, Хитой (7,5 фоиз) ва Жанубий Корея (9 фоиз) миллий валюталарининг қадрсизланиш суръатлари ўртача даражада сақланиб қолди.
- Ўзбекистон ва унинг савдо ҳамкори бўлган мамлакатларда нархлар даражасининг ўзгариши. 2024-йилнинг июн ойидаги ҳолатга кўра, Хитойда йиллик инфляция 0,2 фоизни, Россияда 8,6 фоизни, Қозоғистонда 8,4 фоизни, Туркияда 71,6 фоизни, Тожикистонда 3,5 фоизни ташкил этди. Ўзбекистонда йиллик инфляция (2023-йил июнига келиб) 10,6 фоизгача тезлашди.
- Ўзбекистоннинг ташқи савдосида асосий савдо ҳамкоримиз бўлган мамлакатлар улуши. Республиканинг ташқи савдо айланмасида ҳамкор мамлакатнинг улуши қанча кўп бўлса, ўзбек сўми алмашув курсининг ушбу мамлакат валютасига боғлиқлиги шунча юқори бўлади ва бу мамлакатда нархларнинг ўзгариши сўмнинг самарали алмашув курсларига кучлироқ таъсир қилади. Натижада, Россия, Қозоғистон, Хитой ва Туркиядаги инфляция жараёнлари ва валюта курсларининг ўзгариши сўмнинг реал самарали алмашув курси индекси динамикасига сезиларли таъсир кўрсатади.