Самарқандга бориб, Экология вазирлиги тасарруфидаги «Омонқўтон» миллий табиат боғида бир неча туп дарахт ва ўсимликларга зарар етказилди, дея хабар берди Экология вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева.
«Маҳаллий мутахассислардан ҳолатга изоҳ сўраганимда, Миллий боғ ҳудудига ноқонуний кирилгани, бир нечта дарахт ва ўсимликларга жиддий шикаст етказилганини айтишди», дейди у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълум бўлишича, 5 нафар фуқаро Миллий боғга «Йўлсой» бўлимида жойлашган собиқ оромгоҳ ҳудуди орқали рухсатсиз ва ҳеч қандай ҳужжатсиз экскаватор ва бульдозерлар билан кириб борган. Боғ раҳбарияти табиат боғи муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд эканлиги, бу ерга рухсатсиз кириш, қурилиш ва қазиш ишларини олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган ҳамда ҳудуддан чиқиб кетишни талаб қилган.
Шунга қарай, фуқаролар ноқонуний тарзда боғ ҳудудига киришда давом этишган ва бир неча дарахтлар ва ўсимликларга жиддий зарар етказишган. 2 август куни кеч соат 18:00 ларда миллий табиат боғи ходимлари томонидан қонунбузарлик ҳолати тўлиқ тўхтатилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Экология вазирлиги томонидан тегишли ҳужжатлар Бош прокуратурага йўлланди.
Таъкидлаш лозимки, «Омонқўтон» миллий табиат боғи табиатни асраш, биохилма-хилликни сақлаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишда энг муҳим аҳамиятга эга объектлардан бири ҳисобланади. Бу ерда 1300 турдан ортиқ ўсимлик, ноёб, қимматбаҳо дарахтлар, 126 турдан ортиқ умуртқали ҳайвон, 100 турдан ортиқ қуш учрайди. Ўсимликларнинг 101 тури муҳофазага муҳтож ҳисобланади. Ноёб ҳайвонлар ва қушларнинг 9 тури эса Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) Қизил рўйхати ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган», дейилади хабарда.