Тошкент халқаро аеропорти учиш залининг “steril” ҳудуди яна 2000 квадрат метрга кенгайтирилди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airpots» хабар қилди.
Янги майдон кутиш залининг чап томонида, «Art bazar» савдо нуқталаридан кейин очилди.
Лойиҳага кўра, ушбу залда ўриндиқлар билан жиҳозланган кенг кутиш ҳудуди ҳамда «fud-kort» ташкил этиш кўзда тутилган. Айни пайтда E-auksion.uz платформасидаги савдолар натижаларига кўра иккита компания билан шартномалар тузилди.
Ҳозирча «fud-kort» учун мўлжалланган жойлар тез орада иш бошлайдиган брендларнинг логотиплари туширилган баннерлар ортида яширинган. Ҳозирда янги залда қаҳва бурчаги жойлашган бўлиб, у ерда йўловчилар учун иссиқ ва совуқ ичимликлар, ширинликлар ва пишириқлар мавжуд.
Қўшимча залнинг қурилиши умумий жўнаш залини Б5-Б6-Б7 чиқиш йўлаклари билан улаш имконини берди. Бундан ташқари, келажакда келаётган ва кетаётган йўловчилар оқимини ажратиб турувчи алоҳида галерея ва пастки залдан бортга чиқиш йўлакларини очиш мумкин бўлади.