Ўзбекистонда 2023 йил якунлари бўйича аудиторлик хулосасини топширмаган 110 та IT Park резидент аниқланди. Бу ҳақда IT Park матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, IT Park резиденти мақоми компанияларга нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро майдонда ҳам ривожланиш учун кўплаб имкониятлар яратиб, солиқ имтиёзлари, Zero Risk, Local2Global ва бошқа махсус қўллаб-қувватлаш дастурлари кўринишидаги давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамни кафолатлайди. Резидент компаниялар эса ўз фаолиятини холисона амалга ошириши ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган қоидаларга риоя қилиши лозим.
Ҳукумат қарори ва IT Park резидентининг фаолият шартлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ бир қатор мажбурий шартлар белгиланган:
- рўйхатга мувофиқ бизнес-режада кўрсатилган фаолият турларини амалга ошириш;
- ҳар йили молиявий-хўжалик фаолиятини аудитдан ўтказиш, аудиторлик хулосасининг нусхасини IT Park’ка юбориш ва бошқалар.
IT Park резидентларига қўйиладиган талаблар мамлакат ҳамда компанияларнинг инновацион ва технологик тараққиётига ҳисса қўшадиган рақобатбардош муҳитни сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланган мажбуриятлар ва талабларнинг бажарилиши юзасидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича аудиторлик хулосасини топширмаган 110 та резидент аниқланган. Мазкур компаниялар IT Park олдидаги мажбуриятларини бажармаган, шу муносабат билан улар барча солиқ имтиёзлари ва преференсияларини бекор қилган ҳолда резидент мақомидан маҳрум этилган.
Ушбу резидентларнинг рўйхати Солиқ қўмитасига юборилган.