Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кампаниясига старт берилди. Бу ҳақда Марказий Сайлов Комиссияси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан бугун ўтказилган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига доир муҳим қарорларни қабул қилган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 36-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови 2024 йил 27 октябрь, якшанба куни ўтказилади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, бугундан, яъни 2024 йил 26 июлдан Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилиб, Календарь режа тасдиқланди.
Шу тариқа, 2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.