Велосипедда сайр қилишнинг инсон соғлигига фойдаси бисёр. Бу машғулот нафақат қадди-қоматнинг тўғри шаклланиши, балки тананинг умумий саломатлигига ҳам ижобий таъсир этади.
Қуйида велосипедда ҳаракатланишнинг асосий фойдалари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
1. Юрак-қон томир тизими учун фойдаси.
Бу машғулот юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилашга ёрдам беради. Хусусан, юрак уриши ва қон босимини меъёрлаштириб, оғир юрак хасталиклари хавфини сезиларли даражада камайтиради.
2. Мушакларни мустаҳкамлайди.
Велосипед учиш бўғим ва мушакларни мустаҳкамлайди. Боиси бу пайтда танадаги барча мушаклар фаол ҳаракатланиб, тонусда бўлади. Натижада, умумий жисмоний куч ва чидамлилик ортади.
3. Овқат ҳазм қилишни яхшилайди.
Педални айлантириш метаболизмни тезлаштириб, иштаҳани очади. Мазкур ҳолат организмда моддалар алмашинуви яхшиланганини билдиради. Шунингдек, метаболизмнинг тезлашиши таомнинг тез ҳазм бўлиши ва организмда ёғ тўпланмаслигига олиб келади. Бу, ўз навбатида, ортиқча вазнни йўқотишга замин яратади.
4. Варикознинг олдини олади.
Варикозга мойиллиги бор одамлар учун педаллар жуда фойдали. Ушбу машғулот пайтида қон турғунликсиз томирлар орқали фаол айлана бошлайди. Натижада, варикознинг олди олинади.
5. Таянч-ҳаракатланиш тизими учун фойдаси.
Велосипед учиш суяклар мустаҳкамлигини ошириб, артрит каби касалликларга чалиниш хавфи сезиларли даражада камаяди.
6. Уйқуни яхшилайди.
Ушбу жисмоний фаоллик уйқу сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг ёрдамида осон уйқуга кетиш ва уйқу давомида яхши дам олиш мумкин. Шунингдек, доимий педаль айлантириш организмда эндорфин гормонларини ишлаб чиқаришга кўмаклашади. Бу эса кайфиятни кўтариб, стресс, депрессия ва хавотирни камайтиришга ёрдам беради.
7. Иммунитетни мустаҳкамлайди.
Бўш вақтини мунтазам равишда велосипедда ўтказадиган инсонлар тананинг инфекцияларга қарши курашиш қобилиятини сезиларли даражада оширади. Бу билан велосипедчилар мавсумий вирусли касалликлардан камроқ азоб чекишади.
8. Қон айланишини яхшилайди.
Велосаёҳат қилишни канда қилмайдиганларда қон айланиши яхшиланиб, терининг ҳолати ижобий томонга ўзгаради. Сабаби, тоза ҳавода жисмоний ҳаракат сабаб қон циркуляцияси, ҳужайраларнинг кислород ва бошқа озиқ моддалар билан таъминланиши яхшиланади. Бунда токсинлар камайиб, коллоген миқдори кўпаяди ва терининг эрта қаришининг олди олинади. Натижада, тери тиниқ ва соғлом кўринади.
Бир сўз билан айтганда, ҳар куни велосипедда сайр қилишни одатга айлантириш орқали соғлом ва фаол ҳаёт тарзига эришиш мумкин.