9.7 C
Узбекистан
Воскресенье, 24 ноября, 2024

Дуал таълим тизими воситасида Самарқандда давр талабига мос  муҳандислар тайёрланмоқда

Топ статей за 7 дней

Подпишитесь на нас

51,905участниковМне нравится
22,962участниковЧитать
7,060участниковПодписаться
- Advertisement -

Мамлакатимиздаги мавжуд анъанавий таълим тизими кўпроқ назарий билимларга эътибор қаратилади. Талабаларнинг амалиёт ўташи учун ажратилган соатлар етарли эмас. Натижада ишлаб чиқариш корхоналарига борган битирувчиларнинг ишлаб кетиши учун малака ва кўникмалари етишмайди. Вақт ва маблағ сарфлаб, уларни қайта тайёрлаш лозим бўлмоқда. Ёки янги очилаётган замонавий корхоналар катта пул тўлаб, хориждан технологлар таклиф этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида мавжуд ҳолат танқидий нуқтаи назардан муҳокама этилди ва  соҳани ривожлантириш учун янги ташаббуслар маълум қилинди.

Юртимизда техника йўналишидаги 36 та давлат олийгоҳида йилига 67 минг битирувчи чиқади. Аммо улардаги дастур ва мутахассисликлар ишлаб чиқарувчилар талабига мос эмас. Оқибатда муҳандисларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналишда ишламаяпти.

Олий таълим муассасалари фундаментал тадқиқотлар ўтказиш билан чекланган, иқтисодиёт учун амалий ишланмалар жуда кам. Муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар “қоғоз”да қолиб кетаяпти.

Мавжуд аҳволни ўнглаш учун Президентимиз техника йўналишида ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнлари илғор тажриба асосида тўлиқ ўзгаришини маълум қилди. 36 та олий ўқув юрти ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолади. Улар дуал таълим тизимига тўлиқ ўтади.

Бу қандай тизим? Унинг афзалликлари нимада? Дуал таълим — талабага олий ўқув юртида таълим олиш билан бирга ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш, малака ошириш имкониятини берувчи тизим. Бунда талабалар олий ўқув юритда назарий билимларни эгаллаш билан бирга, корхона ва ташкилотларда амалиёт ўтайди ва ҳақиқий иш жараёни давомида амалий кўникмаларни эгаллайди. Бугунги кунда ушбу тизим қатор  ривожланган мамлакатларнинг иқтисодиётни ривожлантиришда катта ўрин тутмоқда.

Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) муҳандислар тайёрлашни халқаро тажрибалар асосида олиб бормоқда. Бу ерда дуал таълим тизими амалда жорий этилган. Масаланинг муҳим томони шундаки, талабалар биринчи босқичдан бошлаб малакавий амалиёт ўтайдилар.

SIUT ректори профессор Ю.Абдуллаев ҳар бир чиқишида университет олдида турган асосий вазифа замонавий ишлаб чиқариш корхоналарида бевосита ишлаб кетишга қодир юқори малакали муҳандис-технологлар тайёрлашдан иборат эканлигини таъкидлайди. Хорижлик ҳамкорлар билан ўқув дастурини тайёрлаш жараёнида айнан ишнинг ана шу томонига алоҳда эътибор қаратилган ва бунга университет ректори бевосита иштирок этган эди.

Истиқболли режа (Master plan) асосида ишлаб чиқилган SIUT ўқув дастури 2022-2032-йилларга мўлжалланган бўлиб, у тоғ-кон, геология ва нефт-газ муҳандислиги бўйича дунё етакчиларидан бири “Colorado School of Mines” – АҚШнинг Колорадо кончилик мактаби Давлат илмий-тадқиқот университети билан ҳамкорликда тайёрланган.

Қанчалик кучли профессорлар дарс ўтмасин, фақат назарий машғулотлар ёрдамида кучли муҳандис кадрлар тайёрлаш мумкин эмас ва ҳар қандай назария амалиёт билан мустаҳкамланиши керак. Малакавий амалиёт ўташ даврида бўлажак муҳандисларда касб маҳорати асослари шакллантирилади, диплом олгандан сўнг корхонада ишни бошлаш учун уларнинг қийналмаслигига асос яратилади.

Шуларни назарга олган ҳолда,  SIUT талабалари биринчи курсданоқ Ўзбекистондаги йирик нефт-газ компаниялари (ERIELL гуруҳи, Enter Engineering, Саноат-энергетика гуруҳи) объектларида ишлаб чиқариш амалиётига жалб этилади. Ноёб ишлаб чиқариш базасига эга ва жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатаётган ушбу корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун барча имкониятлар мавжуд. Бу эса, университетда юқорида таъкидланганидек, ўқув жараёни дуал таълим тизимига асосланганлигини кўрсатади.

1-босқич талабалари учун 21 майидан 20 июнигача ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилган эди. Амалиётда жами 192 нафар SIUT  талабалари, шунингдек, АҚШдан ташриф буюрган Colorado School of Mines 4 нафар талабаси ҳам иштирок этди. Талабалар ўқув йўналишларига қараб турли корхоналарда амалиёт ўташган.

Университет ишлаб чиқариш амалиёти раҳбари Элбек Амирхановнинг уқтиршича, муҳандислик ва энергетика йўналишлари талабалари Қарши шаҳрида жойлашган “Eriell Prof Education” ўқув маркази, “Самаркандкимё” заводи, “Хишрав ГЕС 2-Б” гидроэлектр станцияси, Чўпонота қуёш электр станциясида амалиёт ўташган. Тоғ-кон соҳасининг бўлажак муҳандислари бурғулаш объектларига кириши учун махсус тайёргарликдан ўтиб, бурғулаш устаси ёрдамчиси мутахассислигини эгаллаши лозим. “Талабалар ўқув марказини битириб, яқинда тегишли гувоҳномага эга бўлишади. Фақат шу ҳужжат уларга келажакда бурғулаш объектларига киришга рухсат беради”, – дейди Э.Амирханов. Демак, университетни битириб, ишга киришиш учун яна алоҳида ўқиб, гувоҳнома олишга ҳожат қолмайди.

 Бошқа йўналишларда таҳсил олаётган талабалар ҳам турли нуфузли компанияларда амалиёт ўтаб қайтишди.

Шубҳасиз, дуал таълим тизими асосида таёрланаётган мутахассислар эртага ишлаб чиқаришдаги фаолияти давомида университет номини машҳур қилишга, имиджини оширишга хизмат қилиши билан бирга, мамлактимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилишга қодир кадрлар бўлади.

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Пожалуйста, введите ваш комментарий!
пожалуйста, введите ваше имя здесь

Последние новости

Ўзбекистондаги ислоҳотлар таҳлили ва 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган...

Больше похожих статей

×