Ўзбекистон делегацияси C5+1 конференцияси доирасида хитойлик ҳамкасблари билан аэронавигация соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Сиан шаҳрида Ўзбекистон делегациясининг Марказий Осиё ва Хитой фуқаро авиацияси ишчи гуруҳларининг (C5+1) ўзаро ҳамкорлиги бўйича конференцияга ташрифи доирасида “Ўзаэронавигация” Маркази ДУК ва Хитой ҳаводаги ҳаракатни бошқариш буроси (АТМБ) ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
“Музокаралар давомида Ўзбекистон аэронавигация хизматлари провайдери томонидан, ҳаводаги ҳаракат маршрутлари тармоғини халқаро «Бир камар, бир йўл» ташаббуси асносида мақбуллаштириш соҳасидаги ҳамкорликни рўёбга чиқариш, ходимларни тайёрлаш масалалари юзасидан ўзаро ҳамжиҳатликда иш юритиш, ҳамда ҳаводаги ҳаракатни бошқариш, парвозларни радиотехника жиҳатидан таъминлаш ва парвозлар хавфсизлигини бошқариш соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, Хитой делегацияси тақдим этилган таклифларни мамнуният билан қабул қилди. Ўз навбатида ташкилотлар ўртасида нафақат кўриб чиқилаётган масалалар, балки муҳандислик, спорт ва маданият масалалари бўйича ҳам яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ушбу масалалар бўйича экспертлар даражасида мувофиқлаштиришни давом эттиришга келишиб олди.