21-июн куни “Юксалиш” ҳаракати Республика қон қуйиш маркази кўмагида “Биз – донормиз!” хайрия аксиясини ўтказди.
Мақсад – саратон касаллигига чалинган, оғир жароҳат олган, мураккаб операциялардан сўнг қон қуйишга жуда муҳтож бўлган беморларни қўллаб-қувватлаш.
Бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш шифохоналар ва тиббиёт марказларини қон билан етарли даражада таъминлашга ёрдам беради. Шунингдек, аксиядан жамиятда ўзаро ёрдамлашиш маданиятини шакллантириш, бу жараённинг аҳамиятини кенг тушунтириш, донор қони тақчиллиги муаммосига жамоатчилик э’тиборини қаратиш мақсади кўзланган. Қон топшириш орқали кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имконияти бор.
ЖССТ маълумотларига кўра, аҳолини қон таркибий қисмлари билан таʼминлаш учун донорлар сони ҳар 1 000 нафар аҳолига камида 10 нафар бўлиши ёки умумий аҳолининг 1 фоизини ташкил қилиши керак. Ўзбекистонда ўтган 2023-йилда ҳар 1 000 нафар аҳолига қарийб 7,8 нафар донор тўғри келди, яʼни аҳолининг 0,78 фоизини ташкил этди. Рақамлар мамлакатда қон донорлари етарли эмаслигини кўрсатмоқда.
– Донорлик ажсияларини ўтказиш жамиятда ҳамжиҳатлик маданиятини оширишга хизмат қилади, – дейди “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.
– Дўстлари, ҳамкасблари ва танишлари бундай аксияларда фаол иштирок этаётганини кўрган ҳар қандай инсон ўзи ҳам қатнашиши мумкин. Бу эса ҳамма бир-бирига ёрдам берадиган, ғамхўр ва бирлашган жамият яратишга ёрдам беради. Шифокорларнинг таъкидлашича, қон йил давомида, ҳар куни керак бўлади. Биз ушбу занжир узилмаслиги учун донорлик ҳаракатини ривожлантирмоқчимиз.
“Биз – донормиз!” аксиясида 70 дан зиёд киши иштирок этди ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва турли соҳа вакилларини бирлаштирди. Бундай бирлашув ғамхўр, фаровон ва соғлом жамият асосидир.