«Massachusetts General Hospital» (MGH) тадқиқотчилари инфарктдан кейин юрак регенерациясида катта муваффақиятга эришди. Бу ҳақда «Nature Communications» журналидаги мақолaда маълум қилинган.
Олимлар юрак етишмовчилигининг асосий сабаби бўлган юракдаги доимий чандиқларни потенциал равишда қайтариш йўлини топди. Улар зебрафиш (балиқ тури – таҳрир) ва сичқонлардаги чандиқ тўқималарининг шаклланишини таққослаш орқали шундай хулоса келган.
Доктор Эман Акам-Бакстер бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи зебрафиш балиқлари ва сутэмизувчиларда чандиқ тўқималарининг шаклланишида сезиларли фарқларни аниқлади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, зебрафиш сутэмизувчилардан фарқли ўлароқ, чандиқ тўқимасини бутунлай олиб ташлаши ва янги ҳужайраларни ўстириши мумкин. Асосий фарқ бу ҳайвонларда чандиқ тўқималарининг шаклланишида. Сичқонларда чандиқ тўқимаси жуда барқарор ва парчаланиши қийин.
Тадқиқотчилар зебрафиш балиқлари ва сичқонларнинг юракларида чандиқ тўқималари қандай пайдо бўлишини кўриш учун махсус асбоб ишлаб чиқди. Улар «lysyl hydroxylase 2» деб аталадиган фермент сичқонлардаги чандиқ тўқимасини жуда барқарор қилишини аниқлади. Ушбу ферментни блокировка қилиш орқали юрак хуружидан кейин доимий чандиқлар пайдо бўлишининг олдини олиш мумкин.
«Бу кашфиёт юрак хасталикларини даволашнинг янги усуллари кашф қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Жамоа ҳозирда ушбу ферментни блокировка қилиш бошқа органлардаги чандиқларни ҳам бартараф этиши мумкинлигини текширмоқда», дейди Эман Акам-Бакстер.