Аввалроқ, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ким Хи-санг дипломатик миссиясини якунлаётгани ҳақида хабар қилгандик.
Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Элчи билан учрашиб, Ўзбекистонда бўлган даврида алоҳида стратегик шерикликни бойитишга қаратилган фидокорона хизмати учун ўз миннатдорлигини билдирган эди.
Бугун, 7 июнь куни ТИВ раҳбари Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Вон До Ён жанобларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram каналида хабар қилди.
«Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёл Жаноби Олийларининг мамлакатимизга бўлажак ташрифини интиқлик билан кутмоқдамиз. Президентлар саммитига тайёргарлик кўриш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, давлатларимиз ўртасидаги анъанавий яқин алоқаларда янги ўсиш нуқталарини кашф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик»,- деб ёзади Саидов.
Суҳбат сўнггида ТИВ вазири Элчига Ўзбекистондаги фаолияти давомида муваффақиятлар тилади.